197 киши жароҳатланган. Олис тоғли аҳоли пунктларида жиддий вайронагарчиликлар қайд этилган, улар билан алоқа узилган, экспертлар шу боисдан қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтишди. Қутқарувчилар Непал ғарбидаги Жаяркот ва унга қўшни Ғарбий Рукум туманларида мамлакатда сўнгги тўққиз йил ичида содир бўлган энг кучли зилзиладан омон қолганларни қидирмоқда.
Табиий офат жума куни соат 23:47 да Жаяркот туманида, Жумла шаҳридан 36 километр жануби-шарқда қайд этилган. АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл, Ҳиндистон сейсмология маркази эса 6,4 балл деб баҳолади. 175 та ер силкинишлари қайд этилган, улардан олтитасининг магнитудаси 4 ва ундан юқори бўлган, деб хабар беради tass.ru.
“Кўплаб уйлар қулаб тушди, қолганларида эса ёриқлар пайдо бўлди. Минглаб аҳоли тунни очиқ жойларда, совуқ шароитда ўтказди, деди Жаяркот тумани матбуот котиби Хариш Шарма Reuters агентлигига.
Бош вазир ўринбосари ва ички ишлар вазири Кажи Шрестха шанба куни вазирлар маҳкамаси йиғилишига раислик қилди. Қидирув-қутқарув ишлари учун бюджетдан 750 минг доллардан ортиқ маблағ ажратишга келишиб олинди. Шресханинг айтишича, Ҳиндистон ва Хитой қидирув-қутқарув операциялари масаласида ёрдам таклиф қилишган.
“Биз уларга операциямизнинг бориши ҳақида маълум қилдик ва зарурат туғилса, кейинроқ ёрдам сўрашимизни айтдик”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.