Давлатимиз раҳбари тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлайди ҳамда хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Йиғилишнинг бош мавзуси – “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш”. Форум глобал ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформа бўлади.

Иштирокчилар асосий эътиборини “яшил” трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги ва бошқа масалаларга қаратадилар.

Беш кунлик саммитда 100 дан ортиқ мамлакат делегациялари, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа институтлар раҳбарлари ва ходимлари ҳамда хорижий ҳукуматларнинг 2 минг нафарга яқин вакиллари, етакчи компаниялар ва банклар, трансмиллий корпорациялар топ-менежерлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этади. Жами 4 мингдан зиёд делегат қатнашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён Осиё тараққиёт банкининг аъзоси бўлиб, унинг энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади: лойиҳалар портфелининг умумий ҳажми қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз банкнинг йиллик йиғилишига иккинчи бор мезбонлик қилмоқда.