Ҳар бир истиқболли лойиҳаларда имконияти чекланган юртдошларимиз учун қулай шароитлар яратилишини инобатга олиш талаби қўйиляпти. Бу борадаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида қонунчилик халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди.
21 октябрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида ҳам айнан ушбу масала, шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланиш учун мослаштириш борасидаги ишлар муҳокама этилди.
Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мазкур мажлисда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида, шу жумладан, «Обод маҳалла» дастури доирасидаги қурилиш ва лойиҳалаш ишлари 2008 йилда қабул қилинган «Инсонларнинг ҳаёти ва фаолияти муҳитини ногиронлар эҳтиёжлари ва аҳолининг кам ҳаракатланувчи гуруҳларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш» тўғрисидаги қурилиш меъёрлари ва қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга ошириляпти.
Шундай бўлсада, кўрилаётган чораларга қарамай ногиронлиги бўлган шахсларга инклюзив шароитлар яратиш масаласида қатор муаммолар сақланиб қоляпти. Биргина пойтахтимизнинг ўзида ижтимоий инфратузилмаси объектлари ва биноларининг 85 фоизи ҳанузгача ногиронлар тўсиқсиз фойдаланишга мослаштирилмаган.
Бу хусусда Сенат Раиси айниқса халқаро мезонлар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатда «тўсиқсиз муҳит»ни шакллантириш масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлигига тўхталди.
— Бу борада етарлича муаммоларимиз бор. Оддийгина кундалик ҳаётимизда бундай масалаларга кўплаб дуч келамиз – транспортда, овқатланиш шохобчаларида, хизмат кўрсатиш объектларида, маданий – кўнгилочар муассасаларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратилмаган. Албатта бу вазифа ечими ҳам бир-икки куннинг иши эмас. Лекин бу йўналишда амалий ҳаракатларни бошлаш вақти аллақачон келган, деди Т.Нарбаева.
Шунингдек, мажлис давомида мавжуд камчиликлар аниқ мисоллар билан изоҳланди. Жумладан, ер ости транспортидан қулай фойдаланиш учун тўлиқ шароитлар яратилмаган. Метро станцияларнинг кўплари пандуслар билан жиҳозланмаган, бу эса шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан шаҳар ер усти транспортидан мустақил фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилмаган. Айниқса, аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожизлар ва қулоғи оғирларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортининг мослашмагани айтиб ўтилди.
Жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари, шу жумладан рельеф нуқтали Брайл шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгилар мавжуд эмас.
Мажлисда шу ва бошқа бир қатор ҳолатлар юзасидан масъул ташкилот вакилларининг муносабатлари эшитилди ва ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Қурилиш ва реконструкция объектларини давлат қабул комиссиялари таркибига Ногиронлар жамияти, Ногиронлар уюшмаси, Карлар жамияти ва Кўзи ожизлар жамияти вакилларини киритиш, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кўп фойдаланиладиган амалдаги ижтимоий ва транспорт инфратузилма объектларини реконструкция қилиш масалаларини ўрганиш ҳамда жамоат автобусларини ногиронларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб босқичма-босқич янгилаш масалаларини кўриш шулар жумласидандир.
Ушбу вазифалар юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, мажлис якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.