Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари учун айрим номли давлат стипендиялари жорий этилганлиги муносабати билан 1993 йил 5 февралдаги ПФ–555-сон фармонга ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, мазкур фармон 2-банди таҳрирланиб, номли давлат стипендияларнинг йўналишлар кесимидаги рўйхати янгиланди.

Жумладан, Президентнинг ПҚ–414-сон ҳамда ПҚ–20-сон қарорларига мувофиқ рўйхатга тарих ва география йўналишларида – Бобур, жисмоний маданият ва спорт йўналишларида – Паҳлавон Маҳмуд номли стипендиялари киритилиб, уларнинг сони 12 тага етди.

Номли давлат стипендияларнинг йўналишлар кесимидаги рўйхати:

  • техника йўналишларида – Беруний;
  • тиббиёт йўналишларида – Ибн Сино;
  • гуманитар йўналишларда – Навоий;
  • тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида – Камолиддин Беҳзод;
  • табиий йўналишларда – Улуғбек;
  • кинематография йўналишида – Худойберган Девонов;
  • тарих ва география йўналишларида – Бобур;
  • жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида – Паҳлавон Маҳмуд;
  • Ўзбекистон халқаро ислом академиясида – Имом ал-Бухорий;
  • Қорақалпоғистондаги олийгоҳларда – Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов;
  • барча йўналишларда – Ислом Каримов номли давлат стипендиялари.