“Бизнинг танимизда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби боболаримиз қони оқмоқда. Биз шунга муносибмиз ва бу муносибликни ҳар дақиқада бутун халқимизга, жаҳон аҳлига тараннум қилишга шошилишимиз керак!”
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мардлик ва жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Она ватан тақдири ва келажаги учун қайғурган, эл озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган шахсларнинг номи тарих зарварақаларига мангу муҳраланган. Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди жасорати ҳам унутилмасдир. Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги вакили бўлган саркарданинг жасоратига ҳали-ҳамон жаҳон аҳли ҳайрат билан қарайди. Шарафли номи эса тилларда достон. Халқини озод ва бахтли кўриш учун ўз ҳаётини бағишлаган Султон Жалолиддин Мангуберди 21 ёшида пароканда бўлиб бораётган халқни бирлаштирган, Чингизхон қўшинларига қарши ўн бир йил давомида мардонавор курашган, унинг матонати ва жасорати бугунги авлод учун фидойилик ва ватанпарварлик намунасидир. Мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан мард ва жасур бобокалонимиз хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Жалолиддин Мангуберди фонди раҳбари Бекзод АБДИРИМОВ билан бўлган суҳбатимиз фонд фаолияти ва мақсадларига қаратилди.
- Тарихи ва буюк аждодларини эъзозлаган миллат ўзлигини намоён эта оладиган миллатдир. Президентимиз ҳам “Фарзандларимизни Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк бобокалонларимизга муносиб қилиб тарбиялашимиз керак, бунинг учун уларга тарихни ўргатишимиз, маънавиятли қилиб тарбиялашимиз керак”, деган...
- Албатта! Мозий илми халқ маънавияти юксалишида ўзликни англашнинг пойдевори ва таянчи ҳисобланади. Буни ўз вақтида англаб етган мустамлакачи салтанатлар халқларни қурол орқали қарам қилиш билан чекланмасдан, қуллик занжирида узоқ ушлаб туриш мақсадида халқни халқ, миллатни миллат қилиб турган устунлар ҳисобланмиш унинг тили, дини ва тарихини йўқ қилишга диққат-эътиборни қаратиши бежиз бўлмаган. Мустақиллик йилларида миллий тарихимиз ва унинг башарият тамаддунига қўшган жаҳоншумул ҳиссаларини адолат тамойили асосида ёшларга етказиш, шунингдек, ҳарбий ватанпарварлик ва ватанга садоқат тарбиясининг жанговар қуролга, халқ маънавиятини юксалтириш омилига айланиши давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Натижада тарихий шахсларимиз Султон Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда маънавиятимизнинг бетакрор вакиллари Имом Бухорий, Имом Термизий, Аз-Замахшарий, Мотуридий, Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд ва Нажмиддин Кубро (Шайх ул-Валитарош), Хожа Аҳрор Валий ва шу каби юзлаб улуғларимиз мустабид тузум қувғинидан ўз ватанларига “қайтдилар”. Уларнинг маънавий-илмий мерослари халқимиз маънавий дунёсини юксалтириш, айниқса, ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялашда бой хазинамиз ҳисобланади. Буюкларимизнинг мислсиз жасоратлари, Ватанни ҳимоя қилишдаги ҳайратомуз мардликлари, жангу жадаллар майдонида жаҳонни титратган ҳукмдор ғанимларнинг қўшинлари юрагига қўрқув даҳшатини солгани бугун ва келажакда ҳам Ватанни ғанимлардан ҳимоя қиладиган оддий аскарлардан то генерал даражасидаги ҳарбий раҳбарлар учун ҳам ҳарбий академия вазифасини бажара олади.
- Жалолиддин Мангуберди фондининг ташкил қилиниши ҳақида сўзлаб берсангиз?
- Жалолиддин Мангуберди нафақат Ватан озодлиги ва халқ манфаати йўлида курашган саркарда, балки ислом дини ҳимоячиси ҳамдир. Бу улуғ бобокалонимиз руҳини ёд этиб, уни ёшларга намуна сифатида тақдим этиш маънавий ҳаётимизда катта аҳамиятга эга.
Зотан, Жалолиддин Мангубердининг хизматлари ва сиймоси мустақиллик кўзгусида акс эттирилган бўлса-да, эл-юртимизни босқинчи, ёвуз кучлардан ҳимоя қилган баҳодирнинг тақдир тарихини чуқур илмий ўрганиш, мақбара ва музейини ташкил қилиш, аждодлар руҳини ёд этиш халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари ташаббуси, бир гуруҳ зиёлиларнинг таклиф ва қўллаб-қувватлашлари асносида 2019 йилнинг декабрь ойида Жалолиддин Мангуберди фонди ташкил қилинди.
– Фонднинг асосий мақсади ва вазифалари нимадан иборат?
– Фондимизнинг асосий мақсади туркий халқлар тарихи, жумладан, Ўзбекистон тарихини ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк саркардалар, етук олимлар, ислом дини тараққиётига ҳисса қўшган ҳадисшунослар ва тасаввуф илми намояндалари ҳаёти ва ижоди, ҳарбий маҳорати ва жасоратини ўрганиш ва тарғиб қилишга, бу борада илмий тадқиқотлар, экспедициялар ўтказиш орқали ҳаққоний тарихимизни очиб бериш, аҳолининг кенг қатламларига ватанпарварлик ғояларини сингдиришдир. Фонд ушбу мақсадга эришишда бир қанча асосий вазифаларини белгилаб олган.
Биринчидан, Ўзбекистон тарихини, жумладан, Хоразм заминидан етишиб чиққан буюк аждодларимизни ҳаққоний тарихини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган конференциялар, турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказади ва экспедицияларни ташкил этади.
Иккинчидан, туркий халқлар, жумладан, Ўзбекистон тарихи доирасидаги китоблар чоп қилиш, Жалолиддин тарихи, унинг ҳарбий маҳорати, жанг санъатини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва бу борада тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини тиклайди ва мустаҳкамлайди.
Учинчидан эса Жалолиддин Мангуберди ва бошқа буюк шахслар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг хотирасини эъзозлаш, шу билан бирга, саркарда хотирасига бағишланган турли кўрик-танловлар ва мусобақалар ўтказиш ҳамда ғолибларни моддий-маънавий рағбатлантириш борасидаги ишларни амалга оширади.
- Вазирлар Маҳкамасининг “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди. Фармойиш асосида қандай ишлар амалга оширилди?
- Президентимизнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида Ватан озодлиги курашчиси, довюрак саркарда, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангуберди жасоратининг ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги тарихий аҳамиятини ҳисобга олиб, қатор вазифалар берилган ва шунга кўра Вазирлар Маҳкамасининг “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро конференция ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди.
Жалолиддин Мангуберди фонди томонидан 2020 йил 18 май куни Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Урганч давлат университети, Хоразм Маъмун академияси ҳамкорликда “Хоразм – Марказий Осиё цивилизацияси тизимида” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил қилинди. Конференцияда республикамиз олимлари билан бир қаторда Португалия, Испания, АҚШ, Покистон, Малайзия мамлакатларининг ҳам бевосита Хоразм тарихи, Жалолиддин Мангуберди ва Хоразмшоҳлар даври билан боғлиқ илмий иш олиб бораётган тадқиқотчилари иштирок этди. Ушбу лойиҳа режалаштирилаётган “Жалолиддин Мангубердининг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро конференция учун тажриба вазифасини бажарди. Яқинда Хоразм телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда кўрсатув тайёрланиб, у “Буюк ипаки йўл бўйлаб” номи билан ташкил қилинган экспедиция хусусида бўлди. Экспедиция давомида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Жаслиқ маҳалласи ҳудудида жойлашган Белоули ва Аланқалъа ёдгорликларида кузатув-ўрганув ишлари олиб борилди. Экспедиция натижалари ҳамда олинган хулосалардан келиб чиққан ҳолда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан Республика маънавият ва маърифат марказига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Жалолиддин Мангуберди фонди томонидан ўрганилган манзилгоҳларнинг сақланиши, муҳофазага олиниши ва эътибор қаратилиши билан боғлиқ масалалардан иборат таклифлар акс этган мактублар юборилди.
Шунингдек, Абул Фазл Байҳақий қаламига мансуб “Тарихи Байҳақий” асарининг Хоразм тарихига оид қисми таржима қилинди ва нашрга тайёрланди.
- Фонд томонидан ҳамкорлик алоқаларини кўнгилдагидек йўлга қўйилмоқдами?
- Бугунги кунгача Жалолиддин Мангубердининг бунёдкорлик фаолиятига оид тарихий маълумотлар кам ўрганилган. Аммо ўрганишларимиз жараёнида унинг номи билан боғлиқ бир қанча тарихий меъморий ёдгорликлар борлигига гувоҳ бўлдик. Масалан, Эрон Хуросонида Жалолиддин қалъаси, Покистондаги Тулажа қалъаси, Самарқанд қалъаси, Арабистон денгизи қирғоғида Жума масжиди бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Мана шу тарихий обидаларни ўрганиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан биридир.
Фондимиз томонидан Жалолиддин Мангуберди ва, умуман, юртимиз тарихи, хоразмликларнинг ўрта асрлардаги турли минтақалар ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсири билан боғлиқ илмий иш олиб бораётган тадқиқотчилар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйган. Хусусан, венгриялик археолог Rose Zoltan билан ҳаммуаллифликда “Венгриядаги хоразмликлар” мавзусидаги тадқиқот иши бошлаб юборилди. Яъни ўрта асрларда Шарқий Европада ҳукмронлик қилган Арпадлар салтанатининг молиявий, ҳарбий соҳаларида етакчи кучга айланган аждодларимиз ҳақида манбалар ўрганилиб, унинг асосида монография тайёрланмоқда. Ушбу монография ўзбек, венгер, инглиз тилларида чоп қилиниши режалаштирилган. Монографияда хоразмликларнинг Шарқий Европадаги Арпадлар давлатида қандай кучга эга бўлишгани, салибчилар ва немисларга қарши курашлари, Рим Папасининг хоразмликлар билан боғлиқ муносабатлари акс эттирилади.
Шунингдек, покистонлик мустақил тадқиқотчи Васим Сажжад билан ҳам Жалолиддин Мангубердининг бевосита Ҳинд ҳавзасида 1221-1224 йиллардаги даврини тадқиқ қилиш жараёни тугалланмоқда. Ушбу изланишлар натижаси ўлароқ, жорий йил сўнггида Жалолиддин Мангубердининг Ҳиндистондаги ҳаёти акс этган рисола ўзбек, урду, рус, инглиз тилларида тарих ихлосмандларига тақдим қилинади. Унда Жалолиддин Мангуберди томонидан ҳозирги Покистон ҳудудида амалга оширган ижтимоий-иқтисодий сиёсат, бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади.
Бундан ташқари, фонд томонидан 2020 йилнинг сўнггига қадар Назарбек Раҳим таржимасидаги туркиялик профессор Марям Гумбузнинг “Хоразмшоҳларда давлат ташкилоти, иқтисодий ва маъданий ҳаёт” рисоласи, Фуод Кулурузоданинг “Турк адабиётидаги илк асари, Урганч давлат университети тадқиқотчиси Бекзод Абдиримовнинг “VIII-XIII асрлар Евросиё ҳудудларида кечган сиёсий ва этник жараёнларда хоразмликларнинг ўрни” монографиялари чоп этилади.
- Келгусидаги эзгу мақсадлар ва режалар ҳақида ҳам қисқагина сўзлаб берсангиз?
- Фонд келгусида тарихий манбаларни таржима қилиш ишларига кенг кўламда ёндашишни мақсад қилган. Айниқса, юртимиз тарихига оид бирламчи манбаларни ўзбек тилига ўгириш, уларни нашр қилиш борасида бир қатор лойиҳаларни илгари суради. 2021 йилда фонд ташаббуси билан Сирожиддин Жузжонийнинг “Табақоти Носирий”, Тоҳир Марвазийнинг “Китаб Табаи аль-Хайяван аль-Бахри валь-Барри” асарлари таржима қилиниши ҳамда нашр этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, фонд томонидан илмий-экспедициялар ҳам ўтказиш мақсад қилинган бўлиб, 2021 йилнинг иккинчи чорагида Қозоғистон, Туркия, Покистон, Эронга экспедициялар ташкил қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Албатта, экспедициялар оммавий ахборот воситаларида ёритилиб, улар тўғрисида махсус телекўрсатувлар тайёрланади ва аниқланган маълумотлар, тўпланган материаллар асосида монографиялар нашр этилади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди