Фанда демократиянинг бевосита ва билвосита (вакиллик) каби турлари ажратилади. Ҳозирда вакиллик демократиясининг турли кўринишлари – вакиллик органларининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши, уларга муносиб номзодларнинг сайланиши, ҳокимият вакилларининг турли кўринишдаги ҳисоботларини кузатамиз. Одатда бевосита демократия деганда эса кўз олдимизда сайлов муносабатлари, фуқароларнинг ўз номзодларини вакиллик органларига қўйишлари ёки тегишли номзодларга тўғридан-тўғри овоз беришлари гавдаланади. Бироқ, сўнги пайтларда бутун дунёда кузатилаётган тенденцияларга кўра,  бевосита демократиянинг қамрови тобора кенгайиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллашаётганлиги, жамоатчилик назорати шаклларидан самарали фойдаланилаётганлиги ва қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг муҳокамасида фаол иштирок этаётганлиги ва шу каби бошқа ўзгаришларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Ш.Мирзиёев билдирган қуйидаги фикрлар алоҳида эътиборга молик: “.....Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик, ҳар қайси фуқаронинг фикри биз учун ўта муҳимдир”. Шубҳасиз, фуқароларнинг мамлакат ҳаётида долзарб аҳамиятга эга масалалар юзасидан фаоллик кўрсатишлари демократик қадриятларнинг амалдаги ифодаси дейиш мумкин.

Мамлакатимизда кечаётган муҳим жараён – Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасининг кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокамаси олиб борилаётганлигини қайд этиш ўринли. Аҳолининг турли ёш ва касб вакилларидан жами бир юз эллик мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганлиги бу борадаги қувонарли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Сабаби, ўзига ва келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро Бош қомусимизни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва фикрларини билдиришди.

Энг муҳими фуқароларнинг норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштироки самарали қонунчилик базаси яратилишининг кафолати сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Анъанавий бевосита демократиядан фарқли ўлароқ, замонавий кўринишида бевосита демократия кўтарилган турли масалалар юзасидан фаол муҳокамалар, дебатлар, таклифлар билдириш ва бошқа шу каби доимий ҳаракатларда кўзга ташланади. Олимларнинг фикрига кўра, яқин келажакда бюджет ва солиқ масалалари, шаҳарсозлик лойиҳалари, экология муаммолари билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида фуқаролар иштироки янада фаоллашади.

Жамоавий интеллектнинг норма ижодкорлиги жараёнига жалб этилиши ёпиқ эшикларнинг очилишига ва бунинг натижасида янада сифатли ва мукаммал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига замин ҳозирлайди. Шу билан бирга, норма ижодкорлиги жараёнида фуқаролар иштирокининг фаоллашуви шахс, жамият ва давлат ўртасида янада яқинликнинг, ўзаро тушуниш ва якдилликнинг ҳамда ўзаро ишончнинг ортиб боришига замин ҳозирлайди.

Ботир Боймуродов,

Тошкент давлат юридик университети мустақил изланувчиси