Адлия вазирлиги ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
— “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари regulation.gov.uz порталида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилиши назарда тутилган. Яъни, мазкур Қонунда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилиши шартлиги ҳақида талаб мавжуд эмас.
— қандай ҳужжатлар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаслиги қонунчиликда аввалдан белгилаб қўйилган. Президентининг 2021 йил 15 мартдаги қарорига кўра, қуйидаги ҳолларда лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди:
— фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирларни белгилашга қаратилган лойиҳалар
— янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи лойиҳалар;
— тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишни назарда тутмайдиган лойиҳалар.
Айтиш жоиз, regulation.gov.uz портали лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг ягона манбаи эмас. Бундан ташқари лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг расмий веб-саҳифалари ва jamoatchilik.uz порталига ҳам лойиҳалар жойлаб борилиши лозим.
Масалан, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 2022-2026.strategy.uz веб-сайти, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz порталларига жойлаштирилган.
Шунингдек, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фа олиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига киради. Демак, ташкилотларнинг ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларни расмий веб-саҳифаларида эълон қилиб бориш мажбурияти қонун даражасида мустаҳкамланган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати