Маълумотларга кўра, ҳар бир фаол инсон бир кунда ўртача 90 марта истеъмолчи сифатида муносабатларга киришар экан. Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кундалик ҳаётда у ёки бу хизматлардан фойдаланувчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органининг ташкил этилганига бир йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Агентлик олдига қўйилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, Агентликка бир йилда 11 минг 900 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 36,6 фоизи савдо, умумий овқатланиш ва туризм хизматлари, 28,8 фоизи уй-жой коммунал ва транспорт хизмати соҳадаги камчилик юзасидан бўлса, қолганлари алоқа, банк-молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда рекламани жойлаштириш масалаларига тўғри келади.

Ташкилот фаолияти давомида норматив ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаб келмоқда. Шу кунгача 86 та амалдаги қонун инвентаризация қилинган ва 32 та ҳужжат лойиҳаси бўйича хулоса берилган. 13 та ҳужжатни такомиллаштириш ва 6 та янги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларигни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга халқаро тан олинган нормалар асосида қўшимча ва ўзгартириш киритилган бўлса, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

— Бир йиллик фаолиятда юқорида саналган натижалар қаторида ташкилотимиз олдидаги ечимини кутаётган масалалар ҳам кўзга ташланди, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурод Ҳайитметов. — Аввало, қамров даражамиз юқори эмас. Агентлик кўплаб соҳаларни қамрай олмаяпти. Қолаверса, маҳсулотларнинг сифат назоратида мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал этиш борасида оқсашлар бор. Бунда масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳали тўлиқ йўлга қўйилмаган. Агентлик олдидаги ечимини кутаётган кейинги масала эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишда базанинг етарлича эмаслиги. Бунда мактабгача таълим, халқ таълими ҳамда олий ва ўрта махсус таълимда бу борада фан соатларининг камлиги, баъзи жойларда истеъмолчи ҳуқуқи ва маданиятидан умуман билим, тушунча берилмаслигини таъкидлаш зарур. Шу каби муаммоларни ҳал қилишда ҳамкор ташкилотлар билан интеграция жараёнини кучайтириш мақсад қилинмоқда. Яъни бирор ташкилотга йўлланган ариза ва унга қайтарилган жавоб хатининг бир нусхаси Агентликка ҳам келиб тушиши йўлга қўймоқдамиз. Бунда нафақат мурожаатларнинг сони ва мазмунидан хабардор бўламиз, балки уларнинг қандай ҳал этилганлиги юзасидан назорат ҳам қила оламиз. Ана шундагина ташкилотнинг қамрови кенгаяди, жараён тезлашади.

Тадбирда, шунингдек,

- чакана савдо шохобчаларида халқ истеъмоли товарларининг назорат харидини амалга ошириш ва уларни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва белгиланган стандартларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан (тестдан) ўтказишни ташкил этиш;

- маиший хизмат кўрсатиш соҳасида фаолиятни тартибга солиш;

- фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори мониторингини ўтказиш;

- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш;

- нодавлат таълим ташкилотлари томонидан пуллик таълим хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш каби таклифлар ўртага ташланди.

Соҳиба МУЛЛАЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири