Шу боис, "Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиалининг сервис хизматини ривожлантириш бўлими томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ жиҳозлари назоратдан ўтказилиб, фойдаланиш учун хавфсиз ҳолга келтирилмоқда.
Бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг фойдаланишда бўлган жами газ жиҳозлари сони 408 минг 960 тани ташкил этади. Жорий йилнинг ноябрь ойида вилоят бўйича жами 20 минг 147 та хонадон ва объектлардаги 23 минг 132 та газ жиҳозларининг ишлаш ҳолати назоратдан ўтказилди.
Шундан 17 минг 279 та аҳоли хонадонларида мавжуд газ жиҳозлари техник, 4 минг 024 та хонадондаги ускуналар эса профилактик кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, газ таъминоти корхонаси билан тегишли тартибда шартнома тузган 98 та улгуржи объектлардаги фойдаланишда бўлган газ жиҳозлари ҳам кўрикдан ўтказилиб, хавфсизлиги таъминланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасида “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” келтириб ўтилган.
Унда газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган бўлиб, хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади. Яъни истеъмолчи хонадонида табиий газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилса, соҳа ходими дарҳол бориб хизмат кўрсатиши керак.
Овқат тайёрлаш ёки иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида бир кун давомида хизмат кўрсатилади. Иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) - икки кун, газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда эса беш кун давомида хизмат кўрсатилиши зарур.