Президентимиз шу йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида бўлиб ўтган жанг тафсилотини эсга олиб, жумладан, шундай деди: “Буюк саркардамиз қандай ғалаба қозонгани менга жуда қизиқ эди. Тўхтамиш ҳам осонликча ютқазмаган экан. Бунда Амир Темур бобомизнинг юксак ҳарбий техника ва стратегияси, довюраклиги иш берган. Ўзимга ҳам ёзиб олдим: Амир Темур жангда еттита усулни қўллаган экан”.
Дарҳақиқат, 1395 йили Қундузчада бўлиб ўтган жангда Амир Темур бобомиз ўзининг ностандарт фикрлаш тарзини намойиш қилиб, ғолиб чиққан. У илгари қўллаб келган “марказ, ўнг ва сўл қанот” жанг усулидан воз кечиб, қўшинни етти қисмга бўлган. Гарчи рақиби Соҳибқиронга шогирд бўлиб, унинг жанг услубларини ўрганган бўлса-да, бобомиз ғайриоддий тактикани қўллаб, ғалаба қозонган.
Амир Темур жуда кўп жангларда рақиблари хаёлига келмаган усулларни ишлатиб, зафар қучган. Бу эса унинг ноёб қобилияти, юксак даражада ностандарт фикрлаш кўникмасига эгалигини кўрсатади. Айнан шу фазилат улкан салтанат ва темурийлар Ренессансининг вужудга келишини таъминлади.
Асар яратилишидан олдин муаллифнинг ностандарт фикрлаши маҳсули сифатида аввал тасаввур қилинади, сўнг полотнога кўчирилади. Бу фикрларни ўша пайтларда яратилган мусиқий асарлар, ҳашаматли саройлар, бадиий ва илмий кашфиётлар ҳақида ҳам билдириш мумкин. Муҳаммад Хоразмийнинг алгебра соҳасидаги ишлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Камолиддин Беҳзоднинг миниатюралари муаллифларнинг юксак тасаввур ва ноёб фикрлаш кўникмасига эга бўлгани исботидир. Хуллас, барча тамаддунлар намояндалари ностандарт фикрловчилар бўлган.
Демак, Учинчи Ренессансни рўёбга чиқарувчилар ҳам ностандарт фикрловчилар бўлиши лозим. Шу билан бирга, аввалги Ренессанслардаги фаннинг ривожланиш даражаси билан ҳозирги ҳолатини солиштирсак, Учинчи Уйғониш даври пойдеворини қўювчиларга талаб анча юқори бўлишига ишонч ҳосил қиламиз.
Президентимиз бундан икки йил муқаддам Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз. Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз”, деди.
Демак, вазифа, мақсад аниқ. Фан, инновация Ренессанснинг пойдевори бўлади. Бу билан нимага эришмоқчимиз? Албатта, фаровон ҳаётга. Бунинг учун мамлакатда ишлаб чиқариш унумдорлиги, киши бошига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми юқори бўлиши керак. Шунда фуқаролар бой, солиқ тушуми катта бўлади. Барча соҳага, жумладан, ижтимоий йўналишга ажратиладиган маблағ ҳам кўпаяди. Фан-техниканинг энг сўнгги ютуқлари асосида ишлайдиган корхоналар кўпайиши керак.
Дастлабки даврда ҳеч бўлмаса, шундай корхоналарда ишлай оладиган, кейинчалик эса шундай технологияларни ярата оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизими яратилиши лозим. Бундай мутахассислар фаннинг энг сўнгги ютуқлари билан таниш, улкан маълумотлар оқимидан энг мақбулларини ажрата оладиган, ҳам ижодий, ҳам мантиқий, ҳам ностандарт фикрлаш кўникмаларига эга бўлиши талаб этилади. Улар мантиқий ва ностандарт фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш педагогик технологияси асосида узлуксиз таълим тизимида тайёрланади. Демак, Учинчи Ренессансни рўёбга чиқарувчилар, яъни ностандарт фикрловчи мутахассислар таълим жараёнида тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари шу йил 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Ўқувчилар билимини баҳолаш ҳам дарсликлардаги вазифаларни бажариш, у ёки бу формулани ёд олиш даражаси билан чегараланмаслиги керак. Ўқувчининг дунёқараши, мантиқий ва ижодий фикрлаши, берилган масала бўйича ўқув дастури билан чекланган қоидалардан ташқари, ностандарт ечимлар беришини ҳам инобатга олиш зарур”, деганида, шубҳасиз, шуни назарда тутган эди.
Бугун таълимдаги янги ўқув методи сифатида Президент мактабларида қўлланаётган Кембриж ўқитиш тизимидан фойдаланиш тавсия этилмоқда. У асосан ўқувчиларнинг билимини амалиётда жорий қилиш, яъни мантиқий фикрлаш кўникмасини шакллантиришга йўналтирилган. Бу жуда яхши, аммо фан-техника соҳасидаги улкан кашфиётлар, жумладан, Ренессанс давридаги ижод намуналари ностандарт тафаккур маҳсули бўлганини унутмаслик даркор. Шунинг учун ҳозир ҳам мантиқий, ҳам ностандарт фикрлаш кўникмасини шакллантириш методларига қизиқиш ортган.
Чунки бундай кўникмаларга эга мутахассислар жуда қимматли ҳисобланади ва дунёдаги энг бой компаниялар уларга катта маблағ тикмоқда. Мантиқий фикрлаш изчиллик, кетма-кетлик асосида, сабаб ва оқибат категориялари боғланиши тизимида кечади. У инсон сезгилари орқали ташқи олам ҳақида қабул қилинган маълумотларнинг ўзгалар учун ҳам тушунарли тарзда онгда қайта ишланишини англатади.
Ностандарт фикрлаш танланган йўлдан тўғри ҳаракат қилмасдан турли ёндашув ва имкониятларни текширишдир. У ижодга бевосита алоқадор. Бундай фикрлаш кўникмаси қўйилган муаммонинг ностандарт, янгича, ўзига хос ечиш усуллари эгалланганида намоён бўлади.
Мантиқий фикрлаш кишини A пунктдан B пунктга олиб борса, ностандарт фикрлаш янги манзилга олиб боради. Бош мия яримшарларининг мутахассисликларга алоқадорлик кашфиётига асосан аналитик ва мантиқий фикрлашга асосланган ижодий фикрлаш бош мия чап яримшарининг, тасаввур ва интуицияга боғлиқ ностандарт фикрлаш эса ўнг яримшар маҳсулидир.
Бош мия ўнг яримшарини фаоллаштириш ностандарт фикрлаш унумдорлигини орттиради. Мия яримшарларининг биргаликдаги фаолиятига, яъни мантиқий ҳамда ностандарт фикрлаш уйғунлигига тўлақонли фикрлаш дейилади. Бош мия яримшарларининг бир хил фаол ривожланиши энг идеал ҳолатдир. Бунга доир қатор мисоллар яхши далил бўлади.
Масалан, мусиқий таълим олишда бош миянинг чап яримшари фаол бўлса, турли тасаввур остида мусиқий асарнинг яратилиши ўнг яримшарнинг маҳсулидир. Ёки бўлмаса, архитектор бинонинг тарҳини чизганда унинг фазовий жойлашуви, эстетик кўринишини аниқлашда ўнг яримшар хизматидан фойдаланади. Лекин барча ҳисоб-китоблар чап яримшар ёрдамида бажарилади. Автомобилнинг янги модели кўриниши ишлаб чиқаришдан олдин конструктор миясининг ўнг яримшарида тасаввур қилинади. Сўнг эса чап яримшар ёрдамида техник кўрсаткичлари ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, беш ёшдан бошлаб болалар бош миясининг яримшарлари ихтисослаша боради. Бу жараёнда тил ўрганиш қобилияти муҳим аҳамият касб этар экан. Демак, беш ёшдан бошлаб болаларда ностандарт фикрлаш элементларини шакллантира бошлаш мумкин.
Альберт Эйнштейннинг ҳам фанга қизиқиши 5 ёшидан, отаси унга компасни кўрсатганидан бошланган. У скрипка чалишни ҳам яхши кўрган. Кейинги ўқув йилида хусусий мактаблар улушини эллик фоизга, ундан кейинги ўқув йили саксон фоизга етказиш лозим. Шу алфозда ўз қонунлари билан “ўрта таълим бозори” шаклланади,
Бу эса педагогика институтларига ҳам молиявий мустақиллик бериш ва кейинчалик хусусий олий таълим муассасасига айлантириш имконини беради. Ўрта таълим мактабларига алоқадор барча муаммолар асосан барҳам топади. Албатта, дастлабки йилларда маълум қийинчиликлар вужудга келиши мумкин. Лекин беш йилга қолмасдан таълим сифатида жиддий ўзгаришлар рўй беради ва Учинчи Ренессансни амалга оширувчи авлодни тарбиялаш имкони пайдо бўлади.