Ўзбекистон томонидан битимни инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев ва БАА томонидан молия вазирининг ўринбосари Юнис Ҳожи Ал-Хурий имзолади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 27 миллион долларни ташкил этади ва молиялаштириши тўлиқ Халифа бин Бин Зоид Ол Нахаён жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

100 беморга мўлжалланган ҳамда дизайн ва техник жиҳозлари бўйича ҳудудда ягона бўлган янги шифохонада туғруқолди ва туғруқ бўлимлари, оналар ва янги туғилган чақалоқлар учун палаталар, оналар ва болалар интенсив терапияси бўлимлари, жарроҳлик бўлими, шифохона, амбулатория ва маслаҳат диагностика бўлимлари ҳамда лабораторияларга эга бўлади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги вақтда объектда қурилиш ишлари бошланган. 2022 йил якунига қадар унинг тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда. Энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги тиббиёт маскани Оролбўйи минтақаси аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада яхшилашга имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ва хусусий ташкилотлари ҳамда инвестиция жамғармалари билан икки томонлама ҳамкорликни диверсификация қилиш ва чуқурлаштиришни давом эттиради.