Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрининг “Дегантепа” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мазкур корхона лаборатория анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 4,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилади. Шундан 1,0 млн. АҚШ доллари тадбиркорнинг ўз маблағи, 3,5 миллион доллари эса банк кредити ҳисобланади.
Бугунги кунда корхонада 28,6 минг ПЦР тест ишлаб чиқарилмоқда. Корхона тўлиқ қувват ишга туширилса, йилига 120 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Корхонага замонавий технологияларни жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган зарур жиҳозлар ва асбоб-ускуналар Европа, Хитой ва Россия давлатларидан олиб келинган. Корхонада ҳозир 100 та янги иш ўрни яратилди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу асосда бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини, шунингдек, аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ишларини яхшилаш, пировардида халқимизнинг тиббий хизматдан рози бўлишига эришиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ҳудудда амалга оширилаётган бу каби янги лойиҳалар катта валюта маблағлари эвазига импорт қилинаётган тиббий ускуналар ўрнини тўлдириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли жиҳозлар билан таъминлашга хизмат қилади.