У ручка форматида ишлаб чиқарилган, аммо у қўлда ёзилган матнни бир зумда рақамлаштириб беради. Мазкур қурилманинг муқобилларидан фарқи шундаки, унда фақат махсус қоғозга эмас, балки оддий қоғознинг ўзига ҳам ёзиш мумкин.
Ручка худди шу номдаги голланд стартапи томонидан ишлаб чиқилган. У 150 миллиметр узунликдаги альюминий корпусда ишлаб чиқарилади ва алмаштириладиган D1 форматидаги сиёҳ картрижига эга. Ручка Arm Cortex M4 чипи билан қувватланади ва матнни таниб олиш ва унинг рақамли версиясини Bluetooth LE протоколи орқали мобил иловага узатиш учун махсус ишлаб чиқилган дастурдан фойдаланилади.
Ручканинг ўзида 2 гигабайт ўрнатилган хотира мавжуд. Ишлаб чиқувчилар гажетнинг камида 100 та илова ва платформалар билан мос келишини таъминлашни режалаштирмоқда. Ручка 100 мА/соат аккумуляторда ишлайди. 15 дақиқа қувватлантирилгач, 2 соат ишлайди. Унинг оғирлиги бор-йўғи 28 грамм.
Ҳозирда ручкани Kickstarterда атиги 197 долларга олдиндан буюртма қилиш мумкин, дейилади techcult.ru сайтида.