Чунки ходимлар ўз касбини янада мукаммал ўрганишни истайди.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Европа Иттифоқининг “Erasmus+” дастури томонидан молиялаштирилган Озиқ-овқат инновациялари бўйича очиқ университет лойиҳаси айнан шу мақсадда йўлга қўйилган. 2024 йил февралда бошланган лойиҳада Европа Иттифоқи мамлакатларидан иккита, Тожикистондан учта, Ўзбекистондан эса иккита олий таълим муассасаси иштирок этяпти.
Уни амалга оширишдан мақсад Марказий Осиё университетларида озиқ-овқатни қайта ишлаш технологияси йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар билан бирга ташқи талабалар иштирок этадиган таълимнинг янги шаклини ишлаб чиқиш ва жорий қилишдан иборат.
Лойиҳа доирасида Европа Иттифоқидаги етакчи университетларнинг малакали профессор-ўқитувчилари иштирокида озиқ-овқатни қайта ишлаш технологиялари таълим йўналишига оид 7 та янги ўқув режаси ҳамда модуллари ишлаб чиқилди. Беш профессор-ўқитувчимиз Латвияга малака оширишга юборилди. Малака ошириш давомида улар сут, гўшт, мева-сабзавот ва донни қайта ишлаш технологияси ҳамда янги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқиш каби олтита фан модулини чуқур ўрганиб қайтди. Бундан ташқари, озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги бўйича 4 профессор-ўқитувчимиз Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университетида малака оширишга юборилди.
2025/2026 ўқув йилидан институтимизда “Дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси” ҳамда “Академик матн” фан модуллари бўйича синов тариқасида ўқитиш жараёни бошланган. Очиқ таълим шаклидаги ушбу машғулотларда бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, профессор-ўқитувчилар, озиқ-овқат саноати корхоналари вакиллари, жумладан, “Агромир” ва “Мева-Мароқанд” МЧЖ ходимлари, турли олий таълим муассасалари тадқиқотчилари иштирок этмоқда.
Дарслар сифатини янада ошириш мақсадида жорий йил октябрда Латвия ҳаёт фанлари ва технологиялари университети ҳамда Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университетидан мутахассислар келиб, талаба ва тингловчиларга назарий ҳамда амалий билим берди. Муҳими, мазкур ўқитиш модели озиқ- овқат саноатида фаолият юритаётган мутахассислар малакасини ошириш, меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириш билан бирга талабаларнинг амалий кўникмаларни чуқурроқ эгаллашига кўмаклашмоқда.
Лойиҳа доирасида институтда “Дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси” фан модулини ўқитиш учун замонавий лаборатория жиҳозлари, яъни қолипли нон пишириш печлари ўрнатилди.
“Очиқ университет” лойиҳаси доирасида керакли фан модули ўқитиб бўлинганидан кейин тингловчиларга сертификат берилади. Ҳозирча корхона ва ташкилотлардан 12 талабгор ушбу лойиҳа бўйича ўқиди, яъни касбига доир сирларни чуқур ўрганди. Бу тамойил асосида касб ўрганмоқчи бўлган талабгорларни келгусида ҳам ўқитиш, уларнинг меҳнат бозорида етук мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашиш ниятидамиз.
Шавкат ҲАСАНОВ,
Самарқанд агроинновациялар ва
тадқиқотлар институти ректори, профессор