2020 йил 4 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий Комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борган ушбу мажлисда республикада чақалоқ савдосининг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари ва мавжуд муаммолар ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ва уларнинг самарадорлиги танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Республикада чақалоқ савдоси жиноятларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз тизимидаги муассасаларда чақалоқ савдосининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида чақалоқ савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.
Жумладан, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ва блогерлардан иборат 13 та, Давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланди.
Ишчи гуруҳлар томонидан республиканинг барча туманларидаги 5 861 та объектда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 653 миллион 167 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.
Жумладан, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ва яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилди.
Йиғилишда жойларда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар юзасидан Наманган, Жиззах, Тошкент, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг ахборотлари эшитилди.
Шу билан бирга, ушбу вилоятларда пахта йиғим-терими мавсуми давомида теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, уларнинг пулларини ўз вақтида берилишини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганлиги танқид қилинди.
Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
ахборот хизмати