Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимиз, Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорларимиз ўртасидаги можаролар ечим топмаётганини, шу жумладан Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият янада жиддий тус олаётганини қайд этди.
Бундай мураккаб шароитда иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш энг муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди. Бунинг учун маҳалланинг иқтисодий заминини мустаҳкамлаш, одамлар даромадини кўпайтириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
Президент пойтахтда ҳали ишга солинмаган имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Жумладан, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектар ерларни тадбиркорларга бериш орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.
Пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда мавжуд 98 минг бўш иш ўрни – аҳоли бандлигини таъминлаш учун ишга солинмаган имкониятлардан бири. Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда ташкил этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида яна ўн минглаб иш ўрни яратиш имконияти бор.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Президент Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Шавкат Буронович Умурзоқов номзодини тавсия этди.
Шаҳар ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари халқ вакиллари билдирган бу юксак ишонч янги ҳокимдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат ва фидойиликни талаб қилишини таъкидлади.
Янги ҳоким ўз ўринбосарлари, туман ҳокимлари, сектор ва банк раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” билан пойтахт аҳолиси учун муносиб шароит яратиш, инвестиция олиб келиб, янги-янги юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, шаҳарни янада обод қилиш, бир сўз билан айтганда, одамлар рози бўлиши учун янгича ёндашув асосида катта марраларни олиб, қаттиқ ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.