Давлатларнинг замонавий ривожланиши иқтисодиётда инновациялар ва юқори технологияларнинг нақадар кенг ўрин олгани билан чамбарчас боғлиқ. Юқори технологиялар бозори шиддат билан тараққий этаётган давримизда ҳар бир мамлакат — хоҳ тараққий этган бўлсин, хоҳ ривожланаётган — унда ўз ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас.
Президентимиз Тошкент вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишаркан, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш фермерларга, хусусан, аҳолига фойда келтириши, шу боис уни ривожлантириш зарурлиги ҳақида сўзлади. Бу айнан шу жабҳага инновацияларни жорий этиш орқали рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ресурсларни тежашни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига сафари чоғида янги иш ўринлари яратиш, ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқишини орттириш ва инновацион фаолиятга жалб қилиш мақсадида жорий йил давомида ҳар бир вилоятда биттадан иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган туманни инновацион ҳудудга айлантириш вазифасини берганди. Ушбу топшириққа биноан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Чуст, Дўстлик, Кармана ва Марҳамат туманларида ҳудуд хусусиятларига мос инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бошланди.
Президентимиз Чирчиқ шаҳрини замонавий инновациялар ва инвестициялар шаҳрига айлантириш, шу намуна асосида вилоятнинг бошқа шаҳарларини ҳам комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Айнан мана шу андазага кўра, давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи олдидан ўрганишлар асосида инновацион ривожлантириш бўйича Оҳангарон тумани танлаб олинди. У вилоятнинг энг ривожланган туманларидан бўлиб, асосан, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган. Шунингдек, саноати ҳам ривожланган. Умумий майдони 3,17 минг квадрат километр, аҳолиси 96,2 минг нафар, маҳаллий бюджет харажатлари 68,4 миллиард сўмга тенг. Пойтахтни Фарғона водийси билан туташтирадиган йўлда жойлашгани туманда жорий этилган инновацияларни кенг ёйиш имконини беради.
Муайян ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётига фойдали ишланмаларни жорий этиш, янги инновацион маҳсулот ва технологияларни олиб киришда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиш ва унинг ўсиш нуқталарини ҳисобга олиш ўта муҳим. Оҳангаронда ана шундай ўзига хос ўсиш нуқталари мавжуд. Чорвачилик ва озуқа етиштиришга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги, саноатлаштириш ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, инсон капиталини тараққий эттириш учун ёшларни замонавий билимлар билан қуроллантириш, касб-ҳунарга ўргатиш орқали ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш шулар жумласидандир.
Бугунги кунда Оҳангаронда чорвачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Туманда 67,5 минг бош йирик шохли ва 216,3 минг бош майда шохли мол мавжуд бўлиб, чорва озуқасига талаб тобора ортмоқда. Ҳудудда чорва озуқаси таннархи юқорилиги ва сифати етарли даражада эмаслиги боис айнан мана шу соҳага илм-фан натижаларини жорий этиш зарурияти катта. Бунинг учун омихта ем ва ем қўшимчаларини ишлаб чиқариш орқали озуқа захирасини тайёрлашга эришиш мумкин.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг молиявий кўмаги асосида “New Ecological Feed” МЧЖ корхонаси ўсимликларни сунъий қуритиш технологиясини Оҳангаронда жорий этиш таклифини билдирмоқда. Ушбу лойиҳа беда, маккажўхори, африка қўноғи, сорго каби йигирма хил озуқабоп ўсимликни сунъий қуритиш йўли билан қайта ишлов беришга қаратилган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 835 тоннани ташкил қилади. Яшил массани қуритиш жараёнида ўсимликлар таркибидаги 70 фоиз фойдали моддалар йўқотилиши кузатилади ва натижада озуқа сифати пасаяди. Мазкур инновацион технология ёрдамида сунъий усулда қуритилганида ўсимликлар таркибидаги барча фойдали моддалар сақлаб қолинади. Лойиҳани амалга ошириш орқали туманда ўнта иш ўрни очиш ва бир гектар ердан 25–30 тоннагача тайёр маҳсулот олиш режалаштирилган.
Чорвачилик салоҳиятини ўрганиш жараёнида Оҳангарон туманида жундор (меринос) қўйлар камлиги ва мавжуд гўштдор, сержун қўйларнинг юнгини қайта ишлаш умуман йўлга қўйилмагани эътиборимизни тортди. Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими мутахассислари кўмагида тўқимачилик саноатида ишлатиладиган майин юнгли ва гиламчилик саноатида қўлланадиган ярим майин жунли қўйларнинг уруғидан фойдаланиб, жайдари қўйларни сунъий уруғлатиш орқали зотдор қўйлар сонини 10 минг бошга етказиш имконияти мавжуд. Натижада йилига 65 тонна соф жун олинади.
Бундан ташқари, Россиядан сергўшт, жундор, майин юнгли, меринос зотли 200 бош (20 та қўчқор, 180 та қўй) майда шохли чорва олиб келтириш зарур. Шунингдек, туманда жунни бирламчи қайта ишловчи минитехнологиялардан фойдаланган ҳолда қўшимча қийматли даромадга эришилади. Олимларнинг ушбу ишланмасини тижорийлаштириш учун мақсадли маблағ ажратиш орқали туманда чорвачилик йўналишида сунъий уруғлантириш технологияси кенг йўлга қўйилади.
Туманда чорвачиликни ривожлантириш емиш масаласини ҳал этиш билан боғлиқ. Айнан чорва озуқасининг нархи ва сифати гўштнинг таннархини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Бу ўринда Андижон вилоятида ташкил этилган Марҳамат инновацион полигони олимлари ишлаб чиққан, анъанавий усулда тайёрланадиганига нисбатан озуқавийлик миқдори саккиз, ҳажми уч марта юқори бўлган силос тайёрлаш тажрибасидан фойдаланиш айни муддао. Бунинг учун маккажўхори, амарант ва игна ўсимликлари аралаштириб экилади. Ҳосил етилгач, майдаланиб, 60 килограмдан зичланиб плёнкаларга ўралади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун анъанавий усулда силос етиштирадиган фермер хўжаликларига ушбу технологияни киритиш ва қиймати 40 миллион сўм бўлган махсус мослама харид қилиш зарур.
Туманда 137,7 минг гектар ер қишлоқ хўжалигига тегишли бўлиб, 32,6 минг гектари экин майдонидир. Шундан 4,3 минг гектар ернинг ҳолати яхши эмас. Ушбу ерлардан самарали фойдаланиб, фермер хўжаликлари учун зарур озуқа-ем етиштириш учун Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими олимлари ишлаб чиққан, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, озуқабоп лавлагининг Ўзбекистон-83 нави уруғчилигини ташкил қилиш ва уни кенг майдонларда экиш зарур. Ушбу навнинг муҳим жиҳати сермаҳсуллигида бўлиб, даставвал экиладиган 20 гектар ер майдонидан 160 центнер маҳсулот олинади. Тумандаги барча фермер хўжаликларини элита уруғлик билан таъминлаш учун бир гектар майдонда етиштирилган уруғлик кифоя. Натижада яқин йилларда туманда сут маҳсулдорлигини 10–15 фоизга ошириш мумкин.
Туманнинг лалмикор, сув танқис ҳудудларида Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими олимлари ишлаб чиққан, қашқарбедани бошоқли экинлар билан аралаш етиштириш технологиясини қўллаш орқали бир гектар ердан бир ўримда 400 центнер аралаш кўк масса ва икки-уч ўримларда 500 центнер кўк масса олиш имкони мавжуд. Бу 20 та қўй учун бир йилга етгулик озуқа бўлади ҳамда ҳар бир гектар ердан беш миллион сўм соф фойда олиш имкониятини беради.
Оҳангарон туманида иккита йирик саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Айниқса, қурилиш материаллари саноати етакчи ҳисобланади. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар базасида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали самарадорликни ошириш, цемент нархини барқарорлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Туман цемент саноатида энергия ресурслари тежамкорлигини ошириш мақсадида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти қошидаги илмий-тадқиқот муассасаси олимлари ишлаб чиққан, саноат печи учун мўлжалланган 200 миллион сўмлик махсус газ горелкаси қўлланади. Натижада табиий газ истеъмоли беш фоиз қисқаради. Биргина “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти томонидан йилига 225 миллион куб метр табиий газ ишлатилади. Мазкур ишланма амалиётда қўлланса, йилига 11,25 миллион куб метр табиий газ тежалади. Бунча газ тафтидан 11 минг 250 хонадон бир йил баҳраманд бўлиши мумкин. Иқтисодий самарадорлик эса йилига 4,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, “Оҳангаронцемент” компаниясига Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари ишлаб чиққан, сульфатга чидамли цемент тайёрлаш технологиясини ўзлаштириш таклиф этиляпти. Ушбу технологияни қўллаш орқали клинкерни йилига 40 фоизгача иқтисод қилиш имконияти пайдо бўлади.
Президентимиз Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ҳудуддаги коммунал хизматларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, сувдан унумли фойдаланиш, айниқса, ичимлик сувни тежаб ишлатишга алоҳида урғу берилди. Бу соҳага ҳам инновацион технологияларни жалб қилиш жуда катта аҳамиятга эга.
Сунъий йўлдошдан фойдаланиб, ерости ичимлик сув қувурларидаги носозликлар ва сувнинг сизиб чиқишини аниқлаш ҳамда коммунал трассаларнинг ҳақиқий ерости хариталарини тузиш, қувурлардаги носозликларни ерни ковламасдан, инновацион полимерлар ёрдамида тузатиш бўйича Исроил тажрибаси вазирлик томонидан юртимизга трансфер қилинган эди. Ҳозир бу технологиялар Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизда ташкил қилинган “Mayа Internationаl Infrastructure” қўшма корхонаси томонидан Тошкент шаҳрида дастлабки апробациядан ўтказилди.
Маълумотларга кўра, Оҳангарон туманининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 55 фоиз бўлиб, ҳудуддаги умумий 112,1 километр ичимлик сув қувурининг олтмиш фоизи таъмирталаб. Сувнинг исроф бўлиши ҳажми эса йилига 4 миллион 800 минг куб метрга етмоқда. “Mayа Internationаl Infrastructure” қўшма корхонасининг инновацион технологиялари Оҳангарон туманига олиб кирилади. Олинган маълумотлар қайта таҳлил этилади ва носозликлар инновацион полимерлар ёрдамида бартараф қилинади.
Исроил технологияси ёрдамида ерости инфратузилма объектлари — сув, газ, канализация қувурлари, телекоммуникация ва электр тармоқларини харитага тушириш орқали ерости харитаси яратилади. Бу ичимлик сувнинг еростига сизиб, исроф бўлиши ҳамда шаҳар инфратузилмасига зарар етказишининг олдини олишга ёрдам беради.
Келгусида ушбу сунъий йўлдош технологияси босқичма-босқич Тошкент вилоятининг еттита шаҳрида жорий этилади ва ерости сув қувурларидаги носозликларни аниқлаш орқали йилига 62,3 миллион куб метр ичимлик сув (59,2 миллиард сўм) тежалади. Бу мақсад учун умумий 10 миллиард сўм маблағ талаб зарур. Ҳозир бу маблағнинг ажратилиши ва аниқ манбалари тегишли вазирликлар билан муҳокама қилинмоқда.
Мамлакатимизда ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён эса мавжуд меҳнат ресурсларининг малакаси, тажрибасига боғлиқ. Оҳангарон туманида иш билан таъминланмаган 1998 нафар ёш мавжуд бўлиб, уларни меҳнат бозорида катта талабга эга касбларга ўқитиш зарур. Мана шу масалани ечиш учун туманда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган Оҳангарон ёшлар технопаркида робототехника, компьютер саводхонлиги, 3Д прототиплаш ва дастурлаш бўйича ўқув курслари ташкил қилинади. Мазкур курсларда муваффақиятли таълим олган иқтидорли ёшлар келгусида нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида фаолият юритадиган мутахассислар бўлиб етишади.
Инновацион ҳудудга айлантиришда Оҳангарон туманининг маҳаллий бюджет харажатларидан бир фоизи (680 миллион сўм) инновацион фаолиятга йўналтирилади. Ушбу маблағ ҳисобидан туманда инновацион фаолиятни самарали ташкил қилиш учун туман ҳокими ўринбосари лавозими ҳам жорий этилади. Умуман олганда, илм-фан, бизнес ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро уйғунлашуви натижасида Оҳангарон инновацион ҳудудида ғоялар тайёр тижорий маҳсулотга айлантирилади. Бу, ўз навбатида, туман атрофидаги ҳудудларнинг ҳам инновацион ривожланишига хизмат қилади.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
инновацион ривожланиш вазири