Тошкент вилоятида тезкор тадбир давомида Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, у «Эйвалек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, ҳокимлик балансидаги хонадонни юқори лавозимдаги танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари сўраган. Бош юрисконсульт пора пулини олган вақтида қўлга олинди.

Таъкидланишича, у аввал ҳам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан, хулоса чиқармаган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.