Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сон Қонунига кўра, зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир. Мазкур қонунинг 3-моддасига кўра, зўравонликнинг қуйидаги турлари мавжуд: жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, иқтисодий зўравонлик ва руҳий зўравонлик.

2023 йилнинг 11-апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун ҳам хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга замин яратади.

Мазкур Қонун билан Жиноят кодексига янги 1261 –модда киритилди. Унга кўра, 1261-модда. Оилавий (маиший) зўравонлик:

Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Хотинини (эрини), собиқ хотинини (собиқ эрини), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш керакки, оилавий зўравонликка қарши курашда ҳар бир шахс масъул эканлигини, шахснинг шаъни қадр-қиммати доим қонун ҳимоясида эканлигини ва қонунчиликда унга берилган ҳуқуқ қаерда бошланиши ва қаерда тугаши лозимлигини асло унутмаслиги лозим. Зеро, ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир.

Қундуз РОЗИМОВА,

 Жиноят ҳуқуқи, криминология

ва коррупцияга қарши курашиш

кафедраси доценти