Инсон оилада туғилади, оилада камолга етади. Ҳаммамизни оила тарбия қилади.  У қадриятлар бешигидир. Биз қандай оиладан бўлишимиздан катъий назар, унга садоқатли бўлиб қолишимиз зарур. Айниқса унинг ор- номуси учун курашмоғимиз, шаънига доғ тушурмай яшамоғимиз муҳим. Оиламиз шаънига доғ туширадиган ишларни қилмаслик виждонимиз олдидаги бурчимиздир.
Юртимизда миллионлаб оилалар ва ҳаммасининг ўзига ҳос ҳусусиятлари, оилавий анъаналари бор. Миллий қадриятларимизга кўра оилада тартиб –интизом, меҳнат ва ором, ўзаро ҳурмат ва одоб-ахлоқ бўлиши оила бошлиғининг зиммасида бўлади. Бугун дунёда Ўзбекистоннинг оилага бўлган эътибори, ғамҳўрлиги ўзига ҳослиги билан ажралиб туради. 
2017 йилнинг 12 ноябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида  - Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотини қайд этиб, бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозимлигини таъкидладилар. Ўсиб келаѐтган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ва лоқайд бўлмасликни ўрганади. Ўзбекистонда келгуси йилда — Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли мавзусида халқаро анжуман ўтказишни таклиф этамиз, – деган таклифни билдирганликлари ҳам бежиз эмас. 
Мамлакатимиз оилапарвар мамлакатдир. Хатто оиланинг мавқеини сақлаш бош Қомусимизда ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн тўртинчи боби 
“Оила” деб номланишининг ўзиёқ юртимизда ушбу масаланинг давлат сиёсати даражасида эканлигини билдиради. 
Фарзандлар вояга етгунича сабр бардош билан ғамҳўрлик қилган ота-оналаримизга кексайган пайтларида биз ҳам муносиб парвариш қилишимиз халқимизга ҳос гўзал анъанадир. 
Ҳеч кимнинг оила деб аталмиш муқаддас қўрғони бузилмасин. Ҳеч қачон фарзандларимизнинг кўнгли ўксимасин, етим қолмасин, бахти ярим бўлмасин. Норасида гўдаклар ўз оиласи бағрида улғайсин. 
—  “Агарки аёлларимиз оиладаги масъулиятини тўғри англасалар турмушлари бузилмайди. Ўзбек халқида оилага оид гўзал анъаналар борки, буларни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Масалан, аёлларимизнинг оила олдидаги масъулиятига эътибор қилинг. Оила бекалари энг аввал турмуш ўртоғининг уйига ўз уйидек меҳр бера олиши лозим. Ота эшигига камроқ бориб, тезроқ қайтишлари керак. Эрларининг қариндошларини ўз қариндошларидек кўрмоғи, хурмат қилмоғи жоиздир. Хонадонларига гуллар экиши, саранжом-саришта тутиши, покиза ва озода кийиниши, сабрли, иродали, кечиримли бўлиши, турмуш ўртоғининг уст-бошини ҳам покиза тутмоғи керак. Турмуш ўртоқларига итоаткор бўлиш ҳам оила мустаҳкамлигини таъминлайди. Аёлларимиз эрларининг яхши ишлари, амаллари учун раҳматлари ва табассумлари билан рағбатлантириб туриши лозим. Оиланинг иқтисодий ривожланиши учун аёлларимиз тежамкор, маблағни жойига сарфлашни биладиган молиявий билимга эга бўлсалар нур устига ало нур бўлади” - дейди вилоят Кенгаши депутати, Бўстон тумани ҳокими вазифасида фаолият олиб бораётган Садбархон Мамитова.
Дарҳақиқат, оила мустаҳкамлиги унинг маънавий ва иқтисодий баркамоллигига боғлиқ. Айниқса, оила бошлиғи оилада нималар етиштиришни, қандай даромад олишни, уни қандай сарф қилишни яхши билиши, оилада аъзолари ўртасидаги иноқликни таъмин этиши ва уларнинг тарбияси учун ғамхўрлик қилиб бориши зарур.

- “Оила раҳбарида масъулият каттадир. Эркак кишига баҳони аёл кишига қилган муомаласига қараб берилади. Аёлининг саломатлиги ҳақида қайғуриши, унинг ота-онасини ҳурмат қилиши, муҳтожликда қолдирмаслиги, унинг ҳам орзу-истаклари, мақсадлари билан қизиқиши, оила учун муҳим саналарда ширин сўзи билан қутлаши, аёлига нисбатан кечиримли, ғамҳўр бўлиши, ичувчи-чекувчи бўлмаслиги, оиланинг молиявий таъминотини зиммасига ола билиши, фарзандлар тарбиясига вақт ажратиши, аёли ва онаси ўртасидаги муносабатларда адолатли бўлиши, яхшилашга эътибор қилиши, вақти бўлганида аёлининг уй юмушларига кўмаклашиши керакдир. Эр киши оиланинг виждони, аёлларимиз эса ор-номусидир” — дейди 15 нафардан ортиқ набираларнинг бобоси, 80 ёшдан ошган меҳнат фаҳрийси, Салимжон ота Иминов. 
Ҳар биримиз аввало оиламизда ҳаловат топайлик. Киндик қонимиз тўкилган ватанимиз оиламиздан бошланади. Халқимизда оиланинг муқаддас хисобланиши бежиз эмас албатта. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини вояга етиши, унинг уйли-жойли бўлиб, мустақил оила қуришини орзу қилади.
Мустақил оила қуриш, оилавий қадриятлар давомийлигини таъминлаш, муносиб ота-она бўлиш хар бир ўғил-қиз учун шарафли вазифадир.  Оиламизни асрайлик!

Камола АБДУВАЛИЕВА 
“Миллий тикланиш” партияси
 Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби