Ваҳоланки, ночор оила сифатида «Темир дафтар»га киритилган бу оилада вояга етмаган яна икки нафар бола бор. Уларга нега моддий ёрдам ажратилмади экан?

Райҳон Йўлдошевани худди шу нарса ажаблантирди. Кўнглидан «Турмуш ўртоғим ногиронлиги туфайли ишламаяпти. Агар қолган икки болам учун ҳам моддий кўмак ажратилса турмуш ташвишларимиз бироз енгиллашармиди», деган ўйлар ўтди. Шу ўй-фикр уни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонасига бошлаб келди.

— Райҳон Йўлдошеванинг мурожаатини ўрганиб чиқдик, — дейди мазкур қабулхона мудири Саид Мирзаев. — Чиндан ҳам бу оилада 12, 10 ва 8 яшар бола вояга етаётгани, уларнинг фақат бир нафарига моддий ёрдам берилгани аниқланди. Мурожаатчи ҳақ бўлиб чиқди. Қарор талабига мувофиқ, шу куннинг ўзида Райҳон Йўлдошеванинг қолган икки боласи учун бир миллион сўм миқдорида ёрдам пули ажратилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Эътиборлиси, Халқ қабулхонаси ва секторлар раҳбарлари томонидан фуқароларнинг муаммоларини биргаликда ҳал қилишда депутатлар кучидан оқилона фойдаланилмоқда. Шу ўринда бир мисол. Туман ҳокимининг Халқ қабулхонасида ўтказган қабули чоғида «Ўба-Чўли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қаршиликлар қишлоғи 7-уйда яшовчи Хушвақт Шодмоновани безовта қилиб келаётган икки муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилди. У жамоатчилик ишига жалб этилди. Ишли бўлди. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ж. Каримов томонидан унга 1 қоп ун ҳам етказиб берилди.

Когон тумани «Ўба Чўли» МФЙ Демилиён қишлоғида яшовчи Малика Аминова Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, ўзи яшайдиган ҳудуднинг ички йўлларини асфальтлаштириб беришни сўради. Унинг мурожаати 1-сектор раҳбарияти томонидан назоратга олинди.«Ички йўлларни жорий таъмирлаш» манзилли дастурига киритилиб, салкам бир километрлик йўл асфальтлаштириб берилди.

Умуман, жорий йилнинг ўтган даврида туман Халқ қабулхонасига 300 та муаммо юзасидан 290 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 163 таси қаноатлантирилди. 63 таси эса кўриб чиқилмоқда.

Истам Иброҳимов