Прокуратура Департаментининг хабар беришича, Шароф Рашидов тумани газ таъминоти бўлими лойиҳачиси қолипли нон ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2,8 миллион сўм олган пайтида қўлга олинди.

Шунингдек, Жиззах вилояти Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси лаборатория мудири эса ушбу фаолият тури билан шуғулланиш учун мувофиқлик сертификатини танишлари орқали тайёрлаб беришни ваъда қилиб, эвазига тадбиркордан 2,1 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, деб хабар беради  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг матбуот хизмати.