Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти селекционер олимларининг кўп йиллик самарали изланишлари натижасида Ўзбекистонда илк бор аччиқ қалампирнинг иссиқхонада етиштиришга ва маҳаллий тупроқ иқлим шароитига мос “Шарқ гавҳари” нави ихтиро қилинди.
Қалампирнинг ушбу нави қишлоқ хўжалиги фанлари докторлари Нурбек Хушвақтов ва Рустам Низомов томонидан яратилди.
Иссиқхонада етиштиришга мослаштирилган илк маҳаллий нав ўртапишар бўлиб, вегетация даври 123-125 кунни ташкил этади.
“Шарқ гавҳари”нинг кўриниши бошқа қалампирлардан деярли фарқ қилмайди. Унинг тупи ярим йиғиқ, штамбли, ўртача баргланувчан, баланд бўйлидир. Меваси конуссимон кўринишда, ўртача ҳажмда, юзаси текис, техник етилганда яшил, биологик етилганда қизил бўлади. Этининг қалинлиги 1,6-2,0 мм, таъми эса аччиқ. Бир тупдан 45-50 та мева олинади.
Ушбу қалампирнинг ҳосилдорлиги гектарига 24-25,5 тоннага тенг.
“Шарқ гавҳари” нави унумдор тупроққа талабчан, вирусли касалликларга чидамли. Энг муҳими, уни иссиқхонада йилнинг исталган вақтида экиб, етиштириш ва истеъмол қилиш мумкин.