Ташриф доирасида Танзила Нарбаева қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Хусусан, Қоҳира шаҳрида Миср Араб Республикаси Сенати Раиси Абдулваҳоб Абдуррозиқ билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда икки томонлама алоқаларга доир бир қатор масалалар, хусусан, савдо-иқтисодий, маданий гуманитар ҳамда парламент йўналишида фаол ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Т.Нарбаева парламентлараро алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги барча даражадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим механизмлардан бири ҳисобланишини таъкидлаб, Миср парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга, жумладан, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасидаги вазифаларнинг бориши устидан тизимли парламент назоратини ўрнатишга тайёрликни билдирди.

Ўз навбатида А. Абдуррозиқ кейинги йилларда ўзаро алоқалар янги, янада юқори босқичга кўтарилгани ва турли соҳаларда катта амалий натижаларга эришилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Шу билан бирга, 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Араб ва мусулмон мамлакатлари парламентлари аёл етакчиларининг биринчи форумини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, томонлар ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Эътиборлиси, мулоқотда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари, жумладан аёллар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи икки мамлакатда ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидланди ҳамда мазкур йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларга ҳам эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш масалаларини тартибга солувчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.