Учрашувда давлатимиз томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда ва инсон ҳуқуқларини, гендер тенгликни таъминлашда олиб борилаётган ишлар юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо бериб, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ БАнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббусини алоҳида қайд этди.

Шунингдек давлатимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқлари, парламентнинг давлат органлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юқори натижалар бераётганини, Парламентлараро Иттифоқ фаолиятида ҳам Ўзбекистон ўз фаоллигини намоён этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

М. Чунгонг Бухорода бўлиб ўтадиган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форумнинг долзарблигини қайд этди.

Учрашувда мамлакатимиз БМТ резолюциялари ва қарорларининг амалий ижроси, уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.