Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида миллий олий таълим муассасаларини халқаро нуфузли рейтингларга киришга тайёрлаш, хорижда ёшлар малакасини ошириш, стажировкасини ташкил этиш, уларни докторантура ва магистратурада мақсадли ўқитиш ва интеграция жараёнлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеосеминарда бу бўйича рақамлар маълум қилинди.

Тадбирда олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг индикаторлари бўйича қайд этаётган натижаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти ва илмий тадқиқот фаолияти орқали топган маблағи халқаро тан олинган агентликлар рейтингида ҳамда миллий рейтингда алоҳида индикатор сифатида киритилган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоевнинг таъкидлашича, 2020 йили эълон қилинган рейтинг натижаларига кўра, бир нафар профессор-ўқитувчининг илмий тадқиқот фаолияти натижалари асосида олинган маблағлар улуши бўйича энг юқори ўринни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети банд этган. Энг қуйи ўрин эса тадқиқотлардан умуман маблағ ишлаб топмаган Навоий давлат педагогика институтига тегишли.

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 2017 йилда 30,6 фоиз, 2018 йилда 34,1 фоиз ва 2019 йилда 35,5 фоиз натижа қайд этиб, сўнгги 3 йилда ўртача 5 фоиз ошган.

Миллий олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот фаолияти орқали топган маблағлари ҳажми эса мазкур даврда тўрт баробар кўпайган. Жумладан, 2017 йилда 51,1 миллиард, 2018 йилда 143,4 миллиард, 2019 йилда 214,7 миллиард сўм ишлаб топилган.

Бир нафар профессор-ўқитувчининг илмий тадқиқот фаолияти натижалари асосида олинган маблағлар улуши бўйича энг юқори ўринларни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти банд қилган.

Илмий тадқиқот фаолияти натижалари асосида топилган маблағларнинг бир нафар профессор-ўқитувчига тўғри келадиган улуши бўйича энг паст кўрсаткич Фарғона давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Нукус давлат педагогика институти ҳамда Навоий давлат педагогика институтида қайд этилди.

Сўнгги уч йилда олий таълим ташкилотларининг илмий салоҳияти ва илмий тадқиқот ишларининг натижадорлигида ижобий динамика кузатяпмиз, лекин бу реал сектор эҳтиёжларини қониқтирмаяпти, халқаро даражада чиқиш учун етарли эмас. Шундай экан ушбу кўрсаткичларни яхшилаш учун биргаликда чора-тадбирлар кўришимиз зарур, деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи.