Ёш авлодни соғлом ва билимли этиб тарбиялаш миллатнинг эртанги кунини яратиш сари қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Мана шундай эзгу мақсад йўлида бугун мамлакатимизда таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Янгича дунёқарашни шакллантириш, ўқув жараёнига инновацияни жалб этиш, хориж амалиётини чуқур ўрганиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, олий таълим тизими билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш долзарб масалага айланган.
Марказий Осиёдаги дастлабки тиббиёт олий таълим муассасаларидан бири бўлган Самарқанд давлат тиббиёт институти бу борада ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга. 90 йилдан ортиқ шарафли тарихга эга мазкур муассаса минглаб шифокорлар, илмий ходимлар, фан фидойилари, академиклар, давлат ва жамоат арбобларини тайёрлаб берган.
Кўрсаткичлар динамикаси фақат юқориламоқда
Самарқанд давлат тиббиёт институтида сўнгги йилларда бакалавриатура бўйича қўшимча учта янги таълим йўналиши, магистратурада ўн битта ва клиник ординатура бўйича тўққизта янги мутахассислик йўлга қўйилди.
Институтнинг таркибий тузилмаси такомиллаштирилиб, иккита янги факультет, йигирма битта янги кафедра ташкил қилинди. Талабалар қамрови уч карра ошди.
Дунёнинг нуфузли мингталигига кирувчи олий таълим муассасаларида илмий даража олган профессор-ўқитувчилар сони ўн нафарга етди. Кейинги йилларда олтмиш нафар хорижлик ўқитувчи таълим жараёнига жалб қилинди. Институтда чоп этилаётган дарсликлар сони уч, ўқув қўлланмалари сони беш баробар ошди.
Институт академик лицейи битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 67 фоиздан 80 фоизга кўтарилди. Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳузурида Абу Али ибн Сино номидаги Муборак, Хатирчи, Самарқанд, Ургут, Иштихон, Пастдарғом жамоат саломатлиги техникумлари фаолияти йўлга қўйилди.
Хорижий ҳамкорликдаги илмий ва таълим лойиҳаларида иштирок этаётган профессор-ўқитувчилар улуши икки баробар ошди. Ушбу лойиҳаларда профессор-ўқитувчиларнинг иштироки йилига 40-45 нафардан ошириб борилиши таъминланмоқда. Академик алмашув дастурларида талабаларнинг хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиши ва ёзги мактабларда иштироки 70 фоиз, хорижий лойиҳалардаги иштироки 30 фоиз кўпайди.
Халқаро ҳамда қўшма таълим дастурларини кенг татбиқ этиш мақсадида халқаро таълим факультети ташкил этилди. Унда еттита нуфузли олий таълим муассасаси билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари бўйича 350 нафар талаба таҳсил олмоқда.
2017-2021 йилларда институтда хорижлик талабалар сони қарийб 20 баробар ошди. Бугун 746 нафар хорижлик фуқаро муассасамизда таҳсил олмоқда. Ўз навбатида, институтдан ҳам хорижий таълим муассасаларига юздан ортиқ талаба ўқишга юборилди.
Илмий салоҳият — юксалиш мезони
Олий таълим муассасаси нуфузи мавжуд профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти билан белгиланади. Бу борада сезиларли натижага эришилганини таъкидлаш ўринли. Институтда илмий салоҳият 2016 йилдагига нисбатан 17,5 фоиз ошиб, 28,2 фоиздан 45,7 фоизга етди. Сўнгги уч йилда 82 нафар профессор-ўқитувчи докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Докторантурага қабул квотаси оширилди, муддатидаги ҳимоя кўрсаткичи 70 фоиз ошди.
Институт профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчиларига янада кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун барча шарт-шароит мавжуд. Бир нечта лаборатория, энг замонавий жиҳозланган мультимедиа ва ахборот-ресурс марказлари, институтда чоп қилинадиган, халқаро импакт-факторга эга еттита илмий журнал тадқиқотчиларга хизмат қилмоқда.
Кейинги икки йилда институтда еттита ихтисослик бўйича илмий даража берувчи иккита илмий кенгаш ташкил қилиниб, уларда йигирмадан ортиқ илмий педагог кадр тайёрланди. Ушбу кенгашлар еттита ихтисослик бўйича PhD ва DSc илмий даражасини бериш ваколатига эга.
Scopus базасида индексацияланган халқаро илмий журналларда икки йилда институт олимлари ва изланувчиларининг 243 та мақоласи чоп этилган. Муассасада Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган 89 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритяпти. Институт олимларининг 21 та ихтироси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан патентланган.
Амалиёт жабҳасида ҳам фаол
Пандемия даврида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 179 ўринли 1 та махсус шифохона, 6 та муассасада беморлар учун жами 2 729 кишилик захира ўрин ташкил этилди. Шундай паллада ҳам мазкур муассасаларда институтимизнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ва ходимлари ҳам мунтазам консультациялар ўтказди.
Ўзбекистон Президенти шу йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ҳудудда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, тиббий профилактика ишларини такомиллаштириш, касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича топшириқ берган эди. Институт жамоаси бу вазифага ҳам масъулият билан ёндашиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш ишларига ҳисса қўшмоқда.
Вилоятда тўшакка михланиб қолган 208 нафар бемор ўз хонадонида тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, юқумли бўлмаган касалликлар ва унинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, тўғри овқатланиш тамойилларини кундалик ҳаётга татбиқ қилиш, жисмоний фаоллик ва унинг аҳамияти бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди.
Туманлар тиббиёт бирлашмасида инст итут профессор-ўқитувчилари томонидан 67 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаш бўйича мутахассисларга тегишли тавсиялар берилди ҳамда 18 та кўргазмали жарроҳлик, акушер-гинекологик ва оториноларингологик операция ўтказилди.
Вилоят ҳудудида аниқланган беморлар гуруҳи тўлиқ қамраб олиниб, соғломлаштириш ишлари йўлга қўйилгандан сўнг кафедра профессор-ўқитувчиларининг туманлар бўйича ротацияси амалга оширилиши белгиланди. Ушбу ротация тумандаги беморларнинг мутахассислар кўригига эҳтиёжига қараб амалга оширилади. Ҳозир мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўқитишнинг замонавий шакллари татбиқ этиляпти
Институтимизда кредит-модуль тизими жорий этилган. У ҳозир олий таълимда етакчи тенденция сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу тизимнинг юртимиз олий таълимига татбиқ этилиши, шубҳасиз, кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга, шунингдек, олий таълим тизимимизнинг жаҳон таълимига интеграциясига ёрдам беради. Юртимизда олий таълим соҳасида қилинаётган барча ислоҳотлар айнан шунга қаратилган.
Бугунги кунда тиббиёт олий таълим муассасалари ўртасида биринчилардан бўлиб 5 кунлик ўқиш тизимига ўтилиб, Самарқанд давлат тиббиёт институти тажрибаси яратилди. Бу йўлда бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аниқ режа асосида ҳаракатланиш натижа бериши шубҳасиз.
Институт мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчилар қатори халқаро ISO сертификатига эга бўлди. Бу таълим жараёни халқаро стандартларга мос равишда давом этаётгани, халқаро рейтингларга кириш имкониятимиз ошиб бораётганидан далолат бўлиб, институтимиз нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам ўз мақомига эга бўлганини англатади.
Биз яқин келажакда институтимизни жаҳон рейтингидаги етакчи университетлар мингталигига киришини режалаштирганмиз. Бунинг учун институтда етарли имконият, илмий салоҳият ва инсон ресурслари мавжуд. Институт жамоасининг бутун потенциали мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун малакали ҳамда жаҳон талабларига мос малакали кадрларни тайёрлаш ва тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмаклашишга тўлиқ сафарбар қилинган.