Олмалиқ шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси ҳудудида Муҳандислик мактаби қурилиши белгиланди. Яъни, Мирзо Улуғбек кўчаси ҳудудида жойлашган давлат захирасида бўлган 1,5 гектар ер майдонига “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан “Муҳандислик мактаби” қурилиши учун Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилди.
Айтиш мумкинки, мазкур мактаб бир қатор хориж давлатларининг муҳандислар тайёрлаш марказлари фаолиятини ўрганган ҳолда ҳамда Олмалиқ КМКнинг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ташкил этилмоқда.
Муҳандислик мактабида металлургия ва кончилик саноати соҳаларида мутахассислар тайёрланади ўз фаолиятини эса жорий йилнинг ноябрь ойида бошлашни режалаштирмоқда.
9 та йўналишда, бир ўқув курсига 160 нафар тингловчи қабул қилинади.
Ҳозирда 2020-2022 йилларда кон-металлургия йўналишида бакалаврни тамомлаган, ўз соҳаси бўйича ишламаётган ёшлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Яна шуни ҳам қайд этишимиз керакки, Финляндия, Канада, Россия, Беларус, Германи, Жанубий Корея, Хитой, АҚШ каби 13 та давлатдан кон металлургия, геология, саноат, маркшейдерлик йўналишларда мутахассислар жалб этилади.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати