Республика иқтисодиёт тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва ўрганиш буйича Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар ўз ишини 20-22 август кунлари Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 8 та йўналиш кесимида олиб борилаётган ишлар билан танишишдан бошлади, дейилади Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Жараёнда ишчи гуруҳ  аъзолари бўлган 17 та вазирлик ва идоралар вакиллари шунингдек, бошқарув сервис компаниялари, ширкатлар, хокимият вакиллари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари ва бир қатор мутасадди раҳбарлар иштирок этди.   Улар Бошқарув сервис компаниялари томонидан Олмазор туманидаги Қичқириқ ва Бўстонобод маҳаллаларида амалга оширилган ишлар тақдимоти билан танишди.

Йиғилганлар аҳолига Бошқарув компаниялари томонидан бажарилган ишлар, яъни кўп квартирали уйларни таъмирлаш, унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни ўртоқлашди ва ушбу ишларни ташкил этиш тажрибаси ўрганиб чиқилди.

Сўзга чиққан Олмазор тумани хоким ўринбосари Қ.Махмудов бугунги кунда Олмазор туманининг маҳаллаларида фаолият юритилиши режалаштирилган келгусидаги режалар ҳақида ҳамда туманни 11 та ҳудудга бўлиб, ҳар бир ҳудуддаги кўп квартирали уйлар бошқарувини Бошқарув сервис компанияларига бериш кераклиги тўғрисида кўргазмали мисоллар орқали тушунтиришлар берди.

Кўп квартирали уйларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатувчи  Бошқарув сервис компаниялари ширкатлардан ўзининг устунлигини кўрсата билиши тўғрисида фикр юритилиб, бунинг учун БСКлар ўзининг афзаллик жиҳатларини аҳолига тушунча бера олишлари кераклиги таъкидланди. Масалан, кўп квартирали уйлар шунингдек, унинг фасад қисмлари, подвал, том ва тротуар қисмлари  БСКларига ўтгач, қандай кўринишга келишини яққол намунавий кўргазма воситаларида тушунтириб берилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Ғ.Джамалов Бошқарув сервис компанияларнинг фаолиятини юқори баҳолаган холда, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иссиқлик ва ичимлик сув таъминоти масалаларига хам алоҳида тўхталиб ўтди ва Ишчи гуруҳ режасига мувофиқ кейинги ҳудудга йўл олди.