Чемпионлар мамлакат байроғини юксакларга кўтаришида асосий восита бу уларга яратиб берилган шароитлар десак муболаға бўлмайди. Шу сабабли давлатимиз томонидан ҳамда кўплаб хусусий тадбирлар ташаббуси билан замонавий спорт мажмуалари қад ростламоқда.
Шундай спорт мажмуаларидан бири Наманган вилояти Уйчи туманидаги 4-сектор ҳудудида қад ростлади. Хусусий тадбиркор Ботиржон Муродов томонидан бунёд этилган «Олмос» спорт клуби шулар жумласидандир.
Ўзига хос дизайнга эга мазкур спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Уйчи туман ҳокими М.Маматханов, Ўзбекистон ММА клуби вице президенти Мурод Хонтўраев, Наманган вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи А.Туйчиевлар иштирок этдилар. Очилиш маросими давомида ҳарбийлар томонидан намойиш этилган жанговар чиқишлар йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади.
Алоҳида таъкидлаш лозим, мазкур фитнес клубда қўл жанги ва аралаш жанг санъатлари ассоциацияси (ММА) спорт турлари бўйича маҳоратли тренерлар Хуршид Эргашев ва Ойбек Отахоновлар машғулотларини олиб боришади.