Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг хабар беришича,  Олтиариқ туманидаги АГТКШ 5 миллиард 542 миллион сўмлик ёки 27 минг 700 хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Ўзенергоинспекция" томонидан Бош прокуратура Фарғона вилояти департаменти ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида Олтиариқ туманида жойлашган "Н.И.Б" МЧЖ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Мазкур ноқонуний ҳолат натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 5 миллиард 542 миллион сўм (5 млн 542 минг метр куб)ни ташкил этган.

Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.