Биз бир йил аввал телевизор олгандик. Шом ва аср орасида экранга термулиб, чопонимга ўраниб, қунушганча бир кунжакда ўтирардим. Ташқарида эса изиллаган шамол ва қора ёмғир... Эзиб ёғиб ётибди. Лойгарчилик. Бу аснода чорвадорнинг уйида ҳеч ким бўлмаслиги керак. Ҳамма ташқарида — мол-ҳол тадориги билан банд бўлади. Сурув қайтадиган пайт яқин. Бу паллада менинг ўз вазифам бор: отам ҳайдаб келаётган сурувнинг олдини олиб, уйда қолган улоқ-қўзини оналарига топиштиришим зарур.Аммо мен телеэкрандан, унда бўлаётган Абдулла Орипов деган шоирнинг юбилей тадбиридан кўз узолмай ўтирибман. Саҳнага бир ёш шоир чиқди. Озғин, баланд бўйли, сочлари кумушранг, овози мутлақо ўзгача. Унинг ушбу сатрлари умрбод ёдимда қолди:
... Қўй, йиғлатма,
айтиб эски ашулангни,
Ҳеч бўмаса, асра энди Абдуллангни.
Шеър шундай тугар эди. Залда қарсаклар чалинди. Юбилей давом этди. Шу пайт қоронғулик чулғаётган даричадан бировнинг қараётганини сездим. Онам экан. У менинг сурув олдига чиқиб, отамга қарашиш ўрнига телевизор кўриб ўтирганимдан аччиқланиб деразани шаҳд билан очди. Қўлидаги сутли челакни дераза рахига қўя туриб:
— Нима қилиб ўтирасан шу маҳал уйда. Сурув келди... — деди жаҳл билан.
Зипиллаб ташқарига чиқиб кетдим. Шамолли ёмғир остида, сурувдаги қўй-қўзиларнинг маъраши аро бояги икки сатрни пичирлаб юрар эдим. Отамнинг дашномини ҳам, қилаётган ёқимсиз юмушимни ҳам шу сатрлар аралаш тингладим, адо қилдим.
Бу машҳур, миллатпарвар шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг устозига аталган шеъридан эканини, ўша мен отамдан дакки эшитган шомда олис Тошкентда Абдулла Ориповнинг юбилейи бўлиб ўтганини кейин билдим. Ўша шеър аслида ватан ҳақида эди. Унинг ўтмиш ўғлонлари ва келгусидаги алплари, хусусан, Абдулла Ориф хусусида эди. Бу хотиротнинг менга нондай иссиқ ва азиз бир жойи бор. Бу — нега Абдуллангни асра, деди, кимдан ва нимадан асраш керак шоирни, деган савол ва бу саволнинг ичимдаги ўзимга маълум жавобидир.
Ватан ҳисси юракка қандай қилиб кириб келади?
Шоирликдан муддао нима аслида?
Фермер бир йилда фалон тонна ғалла бериб хирмон кўтарганда, унинг элга беражак нафи кундай равшан — одамларнинг нони тайин. Аммо хаёл суриб шеър битаётган шоирдан қандай фойда бор?
Бу саволларим ичимда қайнаб кўп замон юрдим. Шеърга бўлган ҳавасим тобора ортаверди. Абдулла Ориповнинг “Ишонч кўприклари” номли китоби қўлимга тушгач эса, ҳаётим худди яшин ургандай тамом бошқа ўзанга бурилиб кетди. Бу кунларим шеърга тўла эди. Тушларимда қандайдир тизмалар ёзардим ҳатто. Болалигим Абдулла Орипов шеърларининг измида қолиб кетганди. Тушга, камалаклар диёридаги сайрга ўхшаган ажойиб кунларим, олисдаги мактабга қатнаш асносидаги беадоқ хаёлларим руҳимда Абдулла Орипов сиймосини тиклади. “Бу дунёда Абдулла Орипов деган шоир бор ва... бошқалар ҳам бор”, деган аллатовур қиёс ичимда қарор топди. “Бошқалар” — шоирга мухлис эди, холос. Худди мен каби.
Бу кечмишлар мен сингари кўплаб инсонларнинг юрагида содир бўлганига аминман. Шоирнинг шеъри оғриққа малҳам бўлолса, ичингдаги ғуссаларингни олиб кетолса, унинг беихтиёр муҳибига айланасан. Шеърига ошиқ бўласан. Абдулла Орипов халқнинг шундай бостирилган исёнларини, аламларини, йўқотилган ганжларини шеъриятида акс эттирган шоир бўлиб майдонга келди. Шу боисдан ҳам халқ ичида суюкли бўлди.
У жуда катта шеърий анъанага эга бўлган миллий шеъриятда Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Миртемир каби салафларнинг кўзини кўриб қолган, сўзини эшитган, айни дамда инсон кўнгли манзараларини бошқа нуқтадан кўра олган янги шоир бўлди. Бу шеърият халқни уйғотиб юборишга куч топган шеърият бўла олди. Бунинг учун у катта тадорик билан майдонга кирган эди. Мумтоз ва жаҳон шоирлари шеъриятининг, насрининг катта ўқувчиси, билимдони, ўзбек тилининг хотираси зўр мутахассиси эди у. Унинг тақдир ато қилган ёмби истеъдоди, катта билими, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “тўлиб сўнг томадиган томчи” янглиғ шеърларида ўзини кўрсатди. Бу билаклари толмас, бир шеър устида кунлаб ишлашдан эринмайдиган талаби қаттиқ шоирнинг энг олий ютуғи — ҳақиқатнинг юзига тик боққанидадир. Бу қийин иш, адо қилиш мушкул бўлган вазифа. Адабиётда турли хил ижодкорлар бор: ижоди тарих билан муштарак бўлган, ўзининг тор қобиғига ўралашиб қолганлар, сўз санъатини исёнга ёки ирфоний воситага айлантирганлар... Абдулла Орипов ҳаёти ва шахсияти эса ватан мавзусидан сира айро эмас. Унинг муҳаббат мавзусидаги шеъри ҳам, тунислик бола ҳақидаги ғамгин сатрлари ҳам, минг бир рангларда чарх урувчи табиат тасвирлари ҳам, албатта, ватан мавзуси билан туташади. Бу катта ижод эгасининг ҳаётига боқиб бир нарсани илғадим: Инсон бир эзгу нарсага чин юракдан кўнгил берса, албатта, яхши манзилларга, муродига етаркан. Мен шу икки дарё оралиғида қўним топган азиз Ўзбекистонни Абдулла Ориповчалик севган иккинчи бир инсонни ҳали кўрмадим. Унинг бахти ҳам, оғриқлари ҳам шу юртга бўлган муҳаббатидан дунёга келгани, шубҳасиз.
Шу сабабли ҳам у чинакам ватан шоири, халқ шоиридир.
Элни эътиқод суяди. Халқнинг насибаси, бойлиги бўлган асл шоирга халқ суянар экан. Одамлар Орипов шеъриятига шундай катта ишонч билан, олисдан келадиган хушхабардай инониб қарадилар. Дард-ҳасратини шу чўнг шеъриятнинг елкасида кўрдилар. Юқорида, “ўзи шоирликдан нима наф”, деган сўзимизга жавоб шундай: Бу дунёда инсон учун энг оғир бўлган юк аслида, унинг кайфиятидир. Кайфияти сўник, руҳи синган аскар ватанни қўриқлай олмаганидек, халқнинг руҳи тикланмай туриб, қадди ҳам кўтарилмайди. Ҳақини танимаган улус чинакам саодатга етиб боролмайди.
Абдулла Орипов шеърияти халқнинг ана шу руҳини кўтарди. “Милён эгатларга сочилган” элнинг ҳордиғи бўлиб мезондай сузиб келди бу шеърият. Жаҳоннинг турли даврларда яшаб ўтган барча новатор шоирлари янглиғ унинг елкасига ҳам катта, залворли юк тушганди. Бу одамлар синиқ руҳияти эди. Уни юксалтмоқдай мушкул юмушни Абдулла Ориповдек назмий норлар адо этиши мумкин. Устоз суҳбатлар асносида ўзига, шеърларига нисбатан жуда кўп қаршиликлар бўлганини айтар эди. Бу ҳолнинг табиий асослари бор: У олам ва одамга бошқа нуқтадан қараб боқди. Илк шеъриданоқ бошқа бир муддаоси борлиги аён эди. Унинг шеъриятининг ўқ томирлари бўлган “мен, меники, халқим, ватаним” каби бировларга иддао бўлиб туюлган сифатлар кимларгадир эриш туюлган ва ўзи айтганидек қаршиликларга дуч келганди. Мустабид даврнинг ойболтаси миллат ойдинларини ҳар қирқ-эллик йилда каллакланган тутдай болталаб турган рутубатли паллаларда “Ўзбекистон ватаним маним”, “она тилим”, “қачон халқ бўласан”, деган аламлар билан нидо бериб келган бу шоирни табиийки силлиққина йўл кутмасди.
Шу сабабли ҳам устознинг шеърияти ва шахсияти миллатнинг тиловларига тақдир ато қилган насибадир, миллий бойликдир. Худди Олмалиқ олтинлари, шифобахш Омонхона булоқлари каби. Бу сўзларнинг исботи учун шоир ижодини теран нигоҳ билан ўқиб кўриш кифоя қилади.
Болалигимнинг қадрдон ҳамроҳи, ўсмир юрагимнинг маҳрами бўлган шеърият соҳиби билан вақти келиб кўришиб қоларман, ҳатто узун-узун суҳбатлар қураман деб хаёл ҳам қилмагандим. Аммо не бахтки, муаззам шеър йўли бизни учраштирди, суҳбатдош, дилдош қилди. Шу маънода, тақдирдан жуда миннатдор бўламан.
* * *
Мен унинг қошига шом тушаётган паллада келдим. Шомки, умрнинг шоми. Кеч танишдим жуда. Аммо ғарқ пишган боққа кириб келгандим мен. Абдулла ака билан уч йилдан кўпроқ вақт Дўрмонда — азиз устозларнинг қадами, нафаси, овозлари қолган гўшада қўшни бўлдим. Дастурхонидан туз едим, суҳбатини тингладим. У биз эртакларда дуч келадиган донишманднинг айни ўзи эди. Изоҳ талаб қилмайдиган, ичингда савол қолдирмайдиган, асосли, мисолларга бой, равон нутқи одамни ўзига боғлаб қўярди. Узоқ вақтгача таъсиридан чиқиб кетолмай юрардим. Қайси томонидан келсанг ҳам йиқитаверадиган паҳлавон каби барча саволларим, ўйлаб юрган нарсаларимга шоирдан жавоб ё таскин топар эдим. Айни дамда бола қалбини ўзида сақлаб қолган бу ноёб инсонда ажиб бир соддалик ҳам бор эди. Бироқ шу соддалиги билан барча нарсани илғар, тушуниб ўтирарди. Яна бир фазилати шу эдики, ҳамиша рўпарасидаги суҳбатдошига яраша суҳбатдошлиги эди. Кибрдан холи, олифталикдан узоқ, шеърияти каби аниқ, нуқтадай тугал ва лўнда гап-сўзлари кишини бездирмасди.
2014 йилда ўғлимни суннат қилдирдим. Қибрайлик шифокор билан аввало, Абдулла аканинг дуосини олмоқ, кейин уйга ўтиб ишни адо этмоқчи бўлдик. Дўрмон сари бораётган машина рулидаги врач ҳаяжонда: бизни қабул қиладими, Абдулла Орипов билан кўришамизми?
Мен эса парвойим палак: Абдулла акани “ўзимники” қилиб олган кайфиятда, димоғим кўтарилиб гап сотяпман...
Ҳали нима воқеа бўлишидан бехабар бўлган ўғилчам эса ўрганиб қолган жойи Абдулла аканинг боғчасига чопқиллаб келди. Устоз бизни иккинчи қаватда қабул қилди. Меҳрибон Ҳанифа ая одатдагидай дастурхонга борини тўкиб ташлади. Неча-неча беморларни жарроҳлик столига ётқизганда юраги “қилт” этмаган Нурлан оға — врачнинг чой тутган пиёласи титраб турибди. У жуда ҳайратда эди.
Абдулла ака буни сезди. Шу боис, врачга яраша сўзларни айтиб унинг ҳаяжонини босиб қўйди. Шу аснода ташқарига ошиқаётган бизнинг болакайни ҳам тушунди. Унга бу гаплар нима керак? Унга ташқарида устознинг неваралари билан югуриб-елиб ўйнаш зарурроқ эди. Абдулла ака азза-базза ўрнидан туриб, шкафдаги костюми чўнтагидан пул чиқарди. Мен эса:
— Устоз, пулни қўйинг, дуо берсангиз етади, — дейман олифталик билан.
— Сен жим ўтир, — деди Абдулла ака қатъий. — Бу неварамнинг ҳақи. Дуо берамиз, пул ҳам берамиз.
Пул олаётган, сочлари типратикандек болакай эса меҳрибон бобога эҳтиром билан кўзлари ёниб боқади. Сўнгра ташқарига юра бошлайди. Аммо уни устоз тўхтатди ва ҳовучларини тўлдириб дуо қилди:
— Омин! Бир ярим миллиарддан ошаётган мусулмоннинг қаторига қўшилаётган Собиржон неварамнинг умри узоқ бўлсин...
Дуони қаранг! Шу ерда билдим дунёдаги мусулмонлар сонини...
Болакай ташқарига чопиб кетди. Шуни кутиб тургандек Абдулла ака ўз бошидан ўтган, айни қўл ҳалоллаш билан боғлиқ аламли ва қизиқ тарихни ҳам сўзлаб берди...
Абдулла ака мусулмончиликнинг ушбу катта белгиси — қўл ҳалоллаш билан боғлиқ жуда кўп мисолларни, Пайғамбаримиз ҳадислари билан асослаб шундай бир тарзда айтиб бердики, қаршимда мен таниган шоир эмас, балки айнан хатна масаласида атай шуғулланган олим ўтиргандай сездим ўзимни. Айни паллада унинг қалбидаги катта мусулмон бир кўриниш берганди. Бежизга, “Ҳаж дафтари”дек китоблар ёзилмаган экан-да, деб ўйлаб қолдим.
Бу энди-энди ўйласам, менинг мўъжаз оилам учун катта воқеа бўлган экан. Нурлан шифокор бекорга ҳаяжонланмаган экан.
* * *
Шеърга, сўзга бўлган катта эътиқод ва масъулият Абдулла аканинг борлиқ ҳаёти эди. У ҳамиша шоир бўлиб қолди, шеърсиз кунларини тақвимдан юлқиб отди. Шеър ёзган палласидагичалик ҳеч нарса уни ортиқ шодмон этмасди.
У киши бетоблик сабаб Истанбулга сафар қилганда, шифохонада туриб шеърлар ёзди. Ва, қизиғи, бу шеърларни ўша ёқда туриб Ўзбекистонга узатиб турди. Бир нечта шеърни телефон орқали ёзиб олишга муваффақ бўлдим.
Шунда мени ҳатто толиқтирган бир иш бўлди. Абдулла ака “Султонлар ва шоирлар” номли каттагина шеър битди. Шеър Истанбулда ёзилди, айни шу аснода Тошкентда қоғозга тушди. Қулоғимда телефон гўшаги, қўлларим компьютер клавишларида. Матнни кўчириб олдим. Абдулла аканинг етук тафаккурида ёғилган бу шеърнинг баҳосини ҳам айтдим. Яхши шеърнинг асл қимматини билган киши, уни борича эътироф қилса, шоирнинг қувониши бошқача бўлади. Устоз ҳам хурсанд бўлди. Энди навбат таҳрирга келди. Таҳрир шундан иборат эдики, шеърдаги битта вергул устозга ўз ўрнида турмаётгандек эди. У ёққа олсак ҳам бегона жойда тургандек, сўздан кейин қўйилса ҳам ноўриндай, буткул олиб ташласа ҳам бўлмади. Қўйингки, шу битта вергулнинг ўз ўрнини топгунча бўлган муддат роппа-роса ярим кунни олди. Вергул жойини 13 марта ўзгартирди. Қизиғи, охирида яна биринчи жойига бориб муқим туриб қолди. Шеърни ёзиб олишга чамаси бирор соат вақт кетган бўлса, вергул эса менинг ҳам, устознинг ҳам анчагина бошини қотирди.
— Абдулла ака, вергулингиз биринчи ўрнига бориб қолди-ку? — дедим телефонда.
Устоз хастаҳол, аммо мамнун овоз билан кулди ва:
— Ўзи ўша ер экан-да жойи, — деди. Бир оздан сўнг ўша овозда давом қилди. — Шодмонқул, бу тиниш белгиларсиз шеър ёзадиган шоирлар ҳам бўлармиш, ўшаларга маза эканда-а, — дея яна ўзига хос овоз билан кулди.
Унинг елкалари силкиниб мириқаётганини ҳис қилиб менинг ҳам чарчоғим чиқди. Ўзим ҳам яйрадим.
Бу хотиралар бугун бир тушга ўхшайди. Қани энди, шундай катта шоирга котиб бўлиб, кунда-кунора суҳбатлашиб юраверсанг...
* * *
Абдулла Орипов шеърияти янги давр миллий тафаккуримиз, адабиётимиз учун олтин зинадир. Бу зинани босиб ўтмай юқорилашнинг имкони йўқ. Унинг шеъриятидан униб чиққан шоирларнинг бир неча авлоди бугун кўз олдимизда ижод қиляпти.
Шу дамгача, баҳоли қудрат, шеъриятимизнинг гултожи бўлган шоирларимиз ижодини ўрганишга интилдим. Эркин Воҳидовнинг муҳталиф, кенг ва ройиш назми, Рауф Парфининг қора гавҳарлари, Усмон Азимнинг селдек шиддати, Омон Матжоннинг жодукаш шеър тили, Шавкат Раҳмоннинг тақводор камалаклари, Хуршид Давроннинг оқ булутдай поэзияси, Сирожиддин Саййиднинг шамолли шеърияти, Эшқобил Шукурнинг минг йиллик сўзлари, Салим Ашурнинг мозаик назари ва бошқа шоирларимизнинг шеърий хирмонда улушлари бор ва каттагина. Не тонгки, Абдулла Ориповда бу сифатларнинг ҳаммасидан кўришимиз мумкин. Мутлақо янги шоир дея таништирилаётган янги давр ижодкорининг зуваласига ҳам Абдулла Ориповдан бир чимдим бўлса-да, қўшилганини кўраверамиз.
Шу сабабли ҳам миллатнинг бу катта шоири, забардаст, некбин зиёлисининг вақт ўтган сайин қиммати ошиб бораверади. Унга бўлган эҳтиёжимиз ортаверади.
* * *
Мен ҳамиша инсонга мўъжиза деб қарадим, инсондан шуни истадим, дерди зако устоз. Ва суҳбатларнинг бирида, “Мен уч марта инсоннинг мўъжиза эканига ишондим”, деганди. Ўша уч ҳолатни ҳам ўз йўсинида тасвирлаб берди. Бири Тошкентда, бири Бойсундаги воқеа, яна бири жиззахлик асалчи йигит хусусида эди бу гурунглар. Оддий, ҳар кимнинг ҳаётида бўлиши мумкин бўлган гаплар. Аммо Румий айтганидек, филнинг хартумини тутган басир киши фил — илондек нарса экан, деб хулоса қилгани каби, инсонга Абдулла Ориф назари билан қараган кишигина ҳис этадиган теран мўъжизалардир булар ҳам.
Оқ қоғознинг ҳурмати бир инсондан кам эмас, деб уқтирган зукко устоз, етук мураббийнинг ўлмас шеърияти ва ҳаёти ҳақида кўп ёзиш мумкин. Аммо бир кунлик гурунгни саккиз сатр шеърига жо айлаган моҳир устага ўхшашни маъқул кўрдик.
Шодмонқул САЛОМ,
шоир