Сўз юритмоқчи бўлган маҳсулотнинг номи лотинчада “sērum”, деб аталади ва у ўзбекчага тўғридан-тўғри ўгирилганда “зардоб” маъносини беради. Унинг асл илдизи “swelp” – “ёнмоқ” сўзига бориб тақалгани ва сарғиш ранги ҳисобга олиниб, тилимизда олингугурт, деган ўзига мос жилодор ном олган. Олтингугуртдан асосан, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, кимё саноатида, минерал ўғитлар, сульфат кислотаси, гугурт ва бошқа кимёвий моддалар, тиббий малҳамлар, кейинги пайтда қурилиш материаллари тайёрлашда, умуман олганда, 70 дан ортиқ йўналишда фойдаланиб келинади.
У кимёвий модда сифатида Ер юзи массасининг 2, денгиз сувининг 0,08-0,09 фоизини ташкил қилади. Энг катта олтингугурт захиралари АҚШнинг Техас ва Луизиана штатларида, Италиянинг Cицилия оролларида мавжуд. У кўмир, нефть, табиий газлар, сланец моддаларида, ҳайвон ва ўсимлик организмларида органик ҳамда аргоник ҳолда учрайди.
Ўлкамизда олтингугуртни қайси соҳаларда қандай қўллашни қадим замонлардан яхши билишган. Масалан, Фарғона водийсидаги Шўрсув конидан бу маҳсулотни кўҳна замонлардан буён қазиб олиб, фойдаланиб келинган, 1932 йилга келиб эса собиқ иттифоқнинг олтингугуртга бўлган эҳтиёжининг 57 фоизини қоплаган. Ушбу кон ҳозирги кунда ҳам баҳоли қудрат маҳсулот бериб келади.
“ЙЎЛ ХАРИТАСИ” НИМА БЕРДИ?
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида ишга тушган Муборак газни қайта ишлаш заводининг асосий фаолияти табиий газ таркибидаги ёт моддаларни ажратиш, уни аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналарига тоза ҳолда етказиб беришдан иборат. Бу жараёнда табиий газ таркибидаги турли оғир углеводородлар ва олтингугурт моддаси ажратиб олинади.
Ҳозирги кунда корхонада йилига ўртача 370 минг тонна олтингугурт тайёрланади. Республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобланган “Навоийуран” давлат корхонаси, “Максам Чирчиқ” МЧЖ ҚК, “Навоийазот” АЖ ва бошқа корхоналарнинг мазкур маҳсулотга бўлган талаби заводи томонидан қондириб келинади.
— Кейинги йилларда босқичма-босқич маънан ва жисмонан эскирган мавжуд қурилмаларни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича 10 дан ортиқ лойиҳани амалга оширишга киришилди, — дейди корхона директори Шермат Шамсиев. — Хусусан, табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш технологик қурилмалари тўлиқ янгиланди, яроқсиз ҳолга келиб қолган 2 та олтингугурт қурилмаси ўрнига замонавий, қуввати йилига 270 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш имконини берадиган цех ишга туширилди. Қирқ йилдан ортиқ хизматда бўлган яна битта шундай агрегат реконструкция қилинди. 30 фоизгача энергия тежамкор 3 та янги қозонхонанинг барпо этилиши эса, электр энергиясига бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада камайтирди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган табиий газ таркибидаги меркаптан бирикмаларидан тозалаш технологиясини жорий этиш, мавжуд вентиляция тизимини, ҳудудидаги темир йўлларни реконструкция қилиш ишлари ҳам ниҳоясига етказилди. Энг муҳими, ана шу мураккаб технологик қурилма, асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва таъмирлаш жараёнлари жамият муҳандис-ходимлари томонидан амалга оширилди. Бу кадрларимиз салоҳияти даражасини амалда яққол намоён қилди.
ҚАЛОВИНИ ТОПИШ ЁКИ ЯНГИЧА ИШЛАШ САМАРАСИ
Изланувчан, мураккаб юмушни хаёлга келмаган асосда ҳал этганларга нисбатан қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деган ибора қўлланиб келинади. Завод ҳудудида кун ўтган сари кўпроқ жойни эгаллаб бораётган олтингугуртни харидорларга сотиш бўйича олиб борилган ишларни ҳам шунга менгзаса бўдади.
— Бу ерда ишлаб чиқарилган олтингугуртнинг бир қисми экспортга ҳам йўналтириб келинади, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ тижорат департаменти бошлиғи Бобоназар Жумаев. — Мисол учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ушбу маҳсулот 2018 ва 2019 йилларда мос равишда 75,7 ва 56,9 минг тонна хорижий харидорларга сотилган бўлса, 2020 йилга келиб короанавирус пандемияси оқибатида бу кўрсаткич 7,5 минг тоннагача тушиб кетди. Ушбу даврда маҳсулотга бўлган талабнинг пасайиши ва экспорт ҳажмининг тушиши 2019–2020 йилларда Муборак ГҚИЗда олтингугурт қолдиғи кескин даражада ошиб кетишига олиб келди. Корхона ичида ишлаб чиқарилган маҳсулот уюмлари кўпая бориб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 724,5 минг тоннага етди. Бу, ўз навбатида, завод атрофидаги ҳудудларнинг экологик ҳолатига ва аҳолининг саломатлигига хавф сола бошлади.
2021 йил бошида “Ўзбекнефтгаз” АЖда Муборак ГҚИЗда тўпланиб қолган маҳсулот миқдорини камайтириш ва мавжуд экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
— Шундай кезда маҳсулотни Ўзбекистон республика товар- хомашё биржаси орқали сотишга қарор қилдик, — дейди корхона директори Шермат Шамсиев. — Биржа -эркин ва шаффоф бозор механизми. Қолаверса, бизда маҳсулот ҳажми кўп, таклиф ҳам шунга яраша эди. Бундай пайтда нарх одатда паст бўдади. Биз учун кутилмаганда, вазият тубдан бошқача тус олди. Биржага қўйилган олтингугуртга ички ва ташқи бозорда ҳам талаб ортиб, унинг нархи ҳам тобора кўтарила борди. Бунда экспортни ошириш учун чет эл харидорлари жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, 2020 йилда маҳсулотнинг 1 тоннаси экспортга тўғридан-тўғри шартномалар асосида ўртача 6 АҚШ доллардан сотилган. 2021 йилда биржа савдолари орқали сотиш йўлга қўйилгач, логистика йўналишлари, тури, сифати
ва қадоқлаш масалалари ҳисобга олинган ҳолда, олтингугуртнинг 1 тоннаси ўртача 23,42 дан 35,62 АҚШ долларига, 2022 йилга келиб эса, ушбу маҳсулот 207 долларгача сотишга эришилди. Ўтган йили 266,2 минг тонна олтингугурт маҳсулотини экспорт қилиш ҳисобига 4,2 миллион долларлик валюта тушуми таъминланди.
Экспорт географияси ҳам кенгайиб боряпти. Эрон, Миср, Туркия, Марокаш, Афғонистон, Покистон ва Хитой бозорлари асосий харидорга айланди.
2020 йилда ички бозорда 1 тоннаси 34800 сўмдан сотилган олтингугурт 2021 йилга келиб ўртача 411 минг сўмга, 2022 йилнинг биринчи ярмида эса 1,8 миллион сўмга кўтарилди ва бу 2020 йил нархига нисбатан 50 баробар ошди, дегани.
Республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 20 дан зиёд тадбиркорлик субъектларига 2021 йилда 302,4 минг тонна олтингугурт сотиш ҳисобига 100,2 миллиард сўмга, 2022 йилнинг ўтган олти ойида 198 минг тонна маҳсулотни сотиш ҳисобига 246,1 миллиард сўмга эга бўлинди.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун Муборак газни қайта ишлаш заводи олтингугурт маҳсулотини юклаб бериш майдонларида барча техник ва ёнғинга қарши хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда, иш уч смена 24 соат ташкил этилган. Унинг сифатли ва жаҳон андозаларига мос равишда юкланишини ва етказилишини таъминлаш мақсадида полипропилен (биг-бег, вагон тўшамалари) қопларга қадоқланиб жўнатилмоқда.
Қайд этиш жоиз, жаҳон бозорида ҳам олтингугуртга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ҳисобига нархларнинг кескин ошиши кузатиляпти. Жумладан, 2021 йилнинг ўзида 226 фоизга, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 183 фоизга, жами ўсиш 4,1 баробарга ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Бунда асосий сабаблардан бири сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришнинг омили бўлган минерал ўғитлар нархининг ўсиши ҳам таъсир қилмоқда. Ҳозирда Муборак ГҚИЗда ишлаб чиқарилаётган олтингугурт жаҳон бозорига FCA (завод ҳудудидан харидорнинг ўзи олиб чиқиб кетган ҳолда) шартлари асосида олтингугуртни 210 долларгача бўлган нархларда сотилмоқда. Хуллас, бундан икки йил олдин мамлакатимизда ишлаб чиқарилган олтингугурт хорижга атиги 6 доллардан сотилган бўлса, бугунги кунда бу миқдор 35 баробар ўсгани унинг ҳақиқий маънода ўз номига мос қиймат касб этаётганини кўрсатади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи