Ушбу жараёнда табиий газ таркибидаги турли оғир углеводородлар ҳамда олтингугурт моддаси ажратиб олинади. Ҳозирги кунда Муборак ГҚИЗда йилига ўртача 340 минг тонна олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Ушбу миқдорнинг 20 фоизи «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамкорлигидаги қўшма корхоналарга тегишли газни қайта ишлаш ҳисобига ажратиб олинади.

Олтингугурт махсулоти асосан, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва кимё саноатида, минерал ўғитлар, сульфат кислотаси, гугурт ва бошқа кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.

Республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳисобланадиган «Навоий кон металлургия комбинати» ДК, «Максам Чирчиқ» МЧЖ ҚК, «Навоийазот» АЖ корхоналарининг олтингугурт маҳсулотига бўлган талаби Муборак газни қайта ишлаш заводи томонидан қондирилиб келиняпти. Ўтган йил мобайнида 151,8 минг тонна олтингугурт маҳсулоти ички истеъмолчиларга етказиб берилди.

Шунингдек, Муборак ГҚИЗда ишлаб чиқарилган олтингугурт маҳсулотининг бир қисми экспортга йўналтирилади. Мисол учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан олтингугурт маҳсулоти экспорти 2018 ва 2019 йилларда мос равишда 75,7 ва 56,9 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб эса пандемия натижасида бу кўрсаткич 7,5 минг тоннагача тушиб кетди.

Ушбу даврлардаги маҳсулотга бўлган талабнинг ва экспорт ҳажмининг тушиши 2019–2020 йилларда Муборак ГҚИЗда олтингугурт маҳсулотининг қолдиғини кескин даражада ошиб кетишига олиб келди ва 2021 йил 1 январь ҳолатига маҳсулот ҳажми 724,5 минг тоннани ташкил этди.

Катта миқдордаги олтингугурт маҳсулотининг йиғилиб қолиши Муборак ГҚИЗ атрофидаги ҳудудларнинг экологик ҳолатига ва аҳолининг саломатлигига хавф сола бошлади.

2021 йил бошида, «Ўзбекнефтгаз» АЖда Муборак ГҚИЗда олтингугурт маҳсулоти қолдиғини камайтириш ва мавжуд экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида аниқ ва манзилли «Йўл харита»лари ишлаб чиқилди ҳамда маҳсулот экспортини ошириш мақсадида чет эл харидорларини жалб қилиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, завод ҳудудида сақланаётган олтингугурт миқдорларини камайтириш учун, қўшма корхоналарга (ЛУКОЙЛ, «New Silk Road Oil and Gas» МЧЖ ҚК) олтингугурт маҳсулотини юклаб бериш хизмати йўлга қўйилди. Бунинг натижасида қўшма корхоналарга тегишли 210,0 минг тонна маҳсулот харидорларга юклаб жўнатилди ёки 5,1 миллиард сўмлик юклаш хизматлари амалга оширилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йил бошидан 633,0 минг тонна маҳсулот (ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп) юклаб жўнатилган бўлса, шундан 224,6 минг тоннаси экспортга (қиймати 4,5 миллион доллар) ва 408,4 минг тоннаси ички бозорга йўналтирилди (қиймати 81,6 миллиард сўм) ва бу орқали заводдаги олтингугурт маҳсулоти қолдиғини уч бараварга камайтиришга эришилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.