Унда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар, дипломатия ваколатхонаси ҳузуридаги «Ўзбек тили дўстлари» клубининг аъзолари, Араб тажрибаси институти раҳбарияти ҳамда ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳозир бўлишди.
Тадбир аввалида ушбу байрам тарихи, сўнгги йилларда уни кенг нишонлаш бўйича республикамиз ва хорижда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Она тилимиз ривожланишига салмоқли хисса қўшган ва ўзбек тилида ижод қилган буюк алломалар асарларида акс этган илмий изоҳлар, ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шароитлар ҳамда давлат тилининг нуфузини ошириш борасида малга оширилаётган ишлар иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Маданий-маърифий тадбир давомида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Анжуманда иштирок этган Араб тажрибаси институти директори, «Ўзбек тили дўстлари» клуби аъзоси Носир ал-Жабрий мавзу юзасидан ўз фикрларини қуйидагича баён этди:
— Мен институтимиз жамоаси номидан Ўзбекистон халқини ушбу байрам билан табриклайман. Ўзбек тили дунёдаги энг қадимги тиллардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ўзбек тилини чуқур ўрганишга киришдим. Яқин келажакда Араб тажрибаси институтида ўзбек тилини ўргатиш бўйича курслар ташкил этиш режасини ишлаб чиқаяпмиз. Ўзбек тили курсларига малакали ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадида жорий йил декабрь ойида Ўзбекистонга боришни режалаштирганмиз.
Тадбир якунида «Она тилим – жону дилим» номли шеърлар тўпламидан иборат видеоролик намойиш этилди.