Тадбир Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг тарбиявий бўлим ва “Тилларни ўрганиш” кафедраси ташаббуси билан ташкил этилди. Кафедра профессори, истеъфодаги подполковник Тўлқин Сайдалиев кечани очар экан, ёзувчининг нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигини, камтарин адиб оддий ишчидан Олий мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлигига қадар йўлни босиб ўтганини, шунчаки бир қизиқиш билан бошланган ижод кейинчалик умрининг мазмунига айланганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирга ташриф буюрган адибнинг рафиқаси Ўлмасхон ая сўзга чиқиб “Дунёнинг ишлари” асаридаги Она образи реал воқеа-ҳодисалар асосида яралганлиги ҳақида батафсил сўзлаб берди. Ижодкорнинг серқирра ижоди хақида ўзгача завқ-шавқ билан ҳикоя қилди. Адибнинг ўғли Фаррух Ҳошимов отаси ҳақида гапирар экан, ёзувчи ҳар бир асар устида ниҳоятда синчковлик билан ишлаганини, хар-бир деталига алоҳида урғи бериб ижод қилганини айтиб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан кафедра профессори Оқилжон Латипов “Икки эшик ораси” асарини Тоҳир Маликнинг “Ажаб дунё” асари билан қиёслаб таҳлил қилди. Иккала асарда ҳам уруш даври воқеа-ходисалари ёритилгани, ўзбек халқининг тантилиги, бағрикенглиги, меҳмондўстлиги ва болажонлиги ҳаётий ва ҳаққоний очиб берилганини эътироф этди.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам адибнинг асарлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир давомида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг чиқишлари билан даврага ўзгача файз бағишлади.
Элмирза ЭРКАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти.
Улуғбек АКРОМОВ,
университет катта ўқитувчиси.