Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан болаликдан шаклланади ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши табиатга муносабатимиз ҳозир қандай экани ва келгусида қандай бўлиши зарурлигини кўрсатиб берди.
Зотан, инсоният юксак мақсадлар сари интилаётган, тараққиёт йўлидан жадал илдамлаётган ҳозирги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида глобал экологик муаммоларни ҳал этишдек жиддий вазифа турибди. Чунки экологик инқироз, атмосферанинг бузилиши, иссиқхона эффекти, озон қатлами емирилиши, дунё океани ифлосланиши, тупроқнинг унумдор қатлами йўқолиши кузатилмоқда. Тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбалари ҳамда ердаги биохилмахилликнинг камайиши, маиший чиқиндилар кўпайиши, кимёвий ва токсик моддаларни зарарсизлантириш, иқлим ўзгариши аллақачон муайян давлат чегарасидан чиқиб, том маънода глобал экологик муаммоларга айланиб бормоқда. Мана шундай мураккаб паллада юртимизда экологик хавфсизликни таъминлаш учун изчил институционал ва ташкилий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳамда тегишли халқаро нормаларга мос ҳуқуқий база яратилган. Мамлакатимиз БМТнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасидаги энг муҳим конвенциялари, Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилиб, зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда. Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилган, мақсадли давлат дастурлари, миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилаётир.
Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил 5 ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниши ҳамда Президентимизнинг ўтган йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора- тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилгани яхши натижа бермоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозир дунё бўйича 3 триллион атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда. Мамлакатимизда эса 2019-2020 йилда ўтказилган “Бир миллион дарахт” акцияси давомида барча ҳудудларда жами 3 миллион 800 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати экилган. Зеро, табиатни эъзозлаш ва уни қадрлаш аждодларимиздан мерос бўлиб, миллий қадриятларимизга сингиб кетган. Асрлар оша маънавиятимизнинг бир бўлаги сифатида шаклланган. Халқимизнинг табиатга эҳтиромини энди ёш авлод қалбига сингдириш зарурати юзага келмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ҳудудида “Обод маҳалла” дастури ва “Яшил макон” миллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, истироҳат боғлари барпо этиш, кўчатлар экиш ва уларни парвариш лаш ишларини жадал олиб боришида ҳам экологик тарғибот-ташвиқот ҳамда экологик таълим катта ўрин эгаллайди. Кечаги йиғилишда ҳам давлатимиз раҳбари аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деди: “Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак. Бу нима дегани? Бу — табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани. Энг муҳим масала — аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур”.
“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган, барча турдаги таълим муассасаларида экологик таълим мажбурийлигига оид талаблар етарли даражада ўз ифодасини топган. Экологик таълимнинг ҳуқуқий асосларидан бири эса Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарорига асосан, қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш концепциясидир.
Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори экологик таълим-тарбия жараёнини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш ҳамда бу борада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада жадаллаштириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида экологик таълим-тарбияни такомиллаштириш вазифасини кун тартибига қўйди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишини коррупция сиз соҳага айлантириш, экологик тарбия, тарғибот ва таълим тизимини ташкил этиш, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш чоралари белгиланди. Жумладан, экологик таълим жараёнида биохилмахилликни асраш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, айниқса, чиқиндини белгиланган жойларга ташлаш бўйича ёшларнинг дунёқарашини ўзгартиришимиз лозим. Чунки нотўғри ва палапартиш муносабатимиз она табиатимизнинг инқирозга учрашишига олиб келиб, инсониятнинг турмуш тарзи ва келажагига таҳдид солмоқда.
Масалан, экологик таълим жараёнида ёшларга ишлатилгач, ташлаб юбориладиган чиқиндилар қанча вақтгача сақланиб туриши, уларнинг жамият, табиат ва инсон ҳаёти учун нақадар хавфли эканини тушунтириш ўринлидир. Аниқ мисоллар келтирадиган бўлсак, пенопласт умуман чиримайди, ойна 1000 йилдан ортиқ, алюминий идиш 500 йил, пластик идиш 450 йил, пластик таглик (памперс) 250-500 йил, целлофан пакет ва фольга қоғоз, автомобиль аккумлятори, батарейка, ғишт ва бетон бўлаклари 100 йил, консерва банкаси ва пластик идиш 50 йил, чарм пойабзал ва нейлон мато 40 йил, сут ва шарбатнинг картон идиши 5 йил, фанер 3 йил, газета ва китоб қоғози 2 йил, картон қоғоз 2 ой, озиқ-овқат чиқиндиси 1 ойгача сақланади. Шуларни эътиборга олиб, биринчи галда, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасини ҳамда экологик таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш зарур. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотларининг ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари билан яқиндан ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда қўшма профилактик тадбирлар ва ўқув машғулотлари ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш мумкин. 2022 йил 1 декабрга қадар ишлаб чиқиладиган Экологик кодекс лойиҳасига алоҳида экологик таълим-тарбияга оид моддалар киритилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, экологик таълим ва тарбия бериш жараёнида экологияга оид қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ва ихчамлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назоратининг роли ва таъсирини ошириш, биохилмахилликни асраш, тиклаш ва кўпайтиришнинг аниқ механизмлари ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик назорат ва мониторинг турларини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, “яшил иқтисодиёт”ни рағбатлантириш чоралари, экологик экспертизани амалга ошириш тартибига оид талабларни батафсил кўрсатиш мақсадга мувофиқ.
Хуллас, экология таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини замон талаби асосида янада такомиллаштириб бориш, изчил ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтириб, жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини янада кучайтириш зарур. Бу аҳолининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга муносабатини ижобий томонга ўзгартириб, табиат бойликларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга масъулиятини янада оширади.
Жуманазар Холмўминов,
Термиз давлат университети профессори,
юридик фанлар доктори