У бугун муборак 63 ёшини қаршилади. 4 ўғил ва келинлари маслаҳатлашиб, “Оналарга эҳтиром” байрами кунларида қутлуғ ёш эгасига янги хонадон калитини топширишди. Эътиборлиси, Бумайрамхон ая Пайғамбарқулова энди турмуш ўртоғи билан Президент эътирофидаги “Гулистон” йўлдош шаҳарчасида барпо этилаётган замонавий кўп қаватли уйлардан бирининг соҳибасига айланди.

- Ўғилларим ва келинларим дадаси билан маслаҳатлашиб, "Оналарга эҳтиром" байрамига менга “сурприз” қилишмоқчи бўлишибди, - дейди онахон ҳаяжонини аранг босиб. – Шу пайтгача айтиб ҳам қўйишмабди-я! Лекин барака топишсин, дадаси билан анчадан бери ёзда салқин, қишда иссиқ битта квартира олсак-да, иккимиз яшасак, деб ният қилаётган эдик. Орзуйимиз бугун ижобат бўлди, етказганига шукр. Фарзандларимга минг раҳмат!, - дейди онахон.

Туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Дилфузахон Каримова ҳам бахтиёр онахонни биринчилардан бўлиб қутладилар.

Вилоятимизда кенг қулоч ёзаётган “Оналарга эҳтиром” фестивали доирасида эъзоз ва эҳтиром рамзи бўлган бундай ўзига хос эзгу ишлар шаҳар-туманларда давом этмоқда, деб ёзади Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.