Буни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилоят бўлими фаолиятида ҳам кўришимиз мумкин. Яқинда уюшманинг вилоят бўлими томонидан "Китоб ҳақидаги энг яхши шеър, ҳикоя, бадиий публицистика" номли онлайн танлов эълон қилинган эди. Бугунгача 40дан ортиқ юртдошимиз танловда қатнашиш истагини билдиришди. Китобсеварларнинг иштирок этиш борасидаги мурожаатлари эса тўхтаганича йўқ.
Айни кунларда вилоятнинг шаҳар, туман ва қишлоқларидан онлайн тарзда юборилаётган ижодий ишлар танлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда. Белгиланган талабларга мос келадиган шеър ва ҳикоялар танловга қўйилиб, бўлимнинг телеграмдаги расмий-ахборий, маънавий-маърифий канали орқали ёритиб келинмоқда. Бу жараёнда, айниқса, Огаҳий Ижод мактабининг ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда.
– Вилоятлик ёш ижодкорлар, катта шоир ва журналистлар ҳам танловда ўз ижод намуналари билан қатнашяпти, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими етакчи мутахассиси Шоира Шамс. – Шоира Зулфия Одамбоеванинг “Китоб – нур” шеъри, журналист Муҳиддин Наврўзалиевнинг “Раҳмат, сенга китобжон!” ҳикояси ана шулар жумласидан.
Ҳозирда танловга ижодий ишларни қабул қилиш давом этмоқда. Ғолиблар карантин кунлари якунига етгандан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилоят бўлими томонидан тақдирланади.
Танлов тафсилотлари билан сизларни таништириб борамиз.
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати бўлими мутахассиси