Президентимизнинг «Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди», — деган сўзлар бежиз айтилмаган. Ушбу ҳаракат давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2022 йил 8 августда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Ўз вақтида буюк мутафаккир Абу Наср Форобий шундай ёзган эди:
“Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади. У бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди. Уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур нарсаларни етказиб беради“.
Мана шундай жамоа фикримча – Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги «Оқила аёллар ҳаракати»дир. Айтиш жоизки, Қўмитанинг бошчилигида аёллар давлатдаги барча сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, турли ташкилотлар билан ҳамкорликда Республика Оила ва хотин-қизлар қўмита мавжуд масалаларни ечишда илмий ва амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Хотин-қизлар билан ишлашда асосий тамойил «Аёл – жамият таянчи, тараққиёт мезони»дир. Она бахтли бўлса жамият бахтли бўлади. Айни шундан келиб чиқиб бугунги кун аёли илмли, глобал жараёнлардан хабардор бўлиши, миллий ННТ ва халқаро хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши, оила саломатлиги, айниқса, ўз соғлигига эътиборли бўлиб, мунтазам спорт билан шуғулланиш муҳимдир.
Ҳаракат аъзолари миллий қадриятларни сақлаб қолишда ота-онанинг ўрни, жамиятимизга кириб келаётган зарарли ғоялардан аёллар, оналар ва болаларни асраш, кам таъминланган, ночор вазиятга тушиб қолган мигрант хотин-қизларни Ватанга қайтаришда ёрдам бериш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Республика анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ушбу ҳаракатнинг обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга, том маънода «маҳалланинг виждони«га айланган фаол аъзолари ўтган вақт давомида минглаб оилаларни мустаҳкамлашда, юзлаб юртдошларимизнинг оилаларида тинчлик чироғини ёқишда қўмитасининг фаол кўмакчисига айланганини алоҳида эътироф этди.
Эътибор Султонова,
Сиёсий фанлар доктори, профессор,
Республика Оқила аёллар ҳаракатнинг аъзоси,
Тошкент шаҳар «Олима аёллар« уюшмаси раиси,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
Хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси.