Раҳбар ва педагог ходимларнинг халқаро таълим ташкилоти дастури ва қўлланмаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, касбий маҳоратини ривожлантиришга қаратилган мазкур тренингларда яқинда иш бошлаган хорижлик педагоглар ҳам жалб этилди.  

Президентимиз раҳбарлигида куни кеча Ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар таълим-тарбияси сифатини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб берилди. Жумладан, илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида Президент ва ихтисослашган мактаблар муаллимларининг малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Андижонда унинг ҳудудий филиали ташкил этилиши белгиланди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Президент мактабларига инвестицион ва инновацион йўналишларни жорий қилиш бўйича янги тизим ташкил этилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашади. Шунингдек, хорижий мактаблар билан ўқитувчи ва ўқувчиларни алмашиш дастурлари амалга оширилади.

Президент мактабларининг раҳбарлари ва ходимларининг касбий маҳоратини ривожлантиришга қаратилган тренинглар ҳам ана шу эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. 6 – 13 сентябр куни  Cambridge Assessment ташкилотидан таклиф этилган 15 нафар мутахассис, Президент мактабларига янги қабул қилинган педагог-кадрлар, Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг шу йўналишдаги фан ўқитувчилари ҳам интерактив тренингларда қатнашиб, янги билим ва кўникмаларга эга бўлди. Тренинг иштирокчиларига Cambridge Assessment ташкилоти томонидан халқаро сертификатлар тақдим этилди.

Машғулотлар доирасида Президент мактабларининг конституцияси ва мазкур мактабларда жорий этилган баҳолаш тизими ҳақида раҳбар ходимларга батафсил маълумот берилди.

— Замонавий таълим тизимида ўқувчидан билимга асосланган маълумотлар эмас, балки амалиёт кўникмалари талаб этилмоқда. Сифатли таълим тизимини ташкил қилиш учун эса малакали устозларга эҳтиёж бор, — деди Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола Умарова. — Ўтказилган ўқув тренингларидан кўзда тутилган мақсад ҳам ана шундай малакали педагог кадрларни тайёрлаш, ўқитишнинг замонавий усулларини амалиётга тадбиқ этишдир.

STEAM фанлари, ўз навбатида лаборатория амалиётлари билан узвий боғлиқ. Тренинг давомида хорижий мутахассислар ҳар бир дарс доирасида лаборатория иши қандай қилиб тўғри ташкил этилиши борасида Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан фикр алмашишди. Бундан ташқари, машғулотлар давомида Cambridge Assessment ташкилотининг халқаро A/AS level ва IGCSE имтиҳонлари учун ўқувчиларни тайёрлаш борасида ҳам семинарлар ташкил этилди.

— Cambridge Assessment ташкилоти билан Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган семинар тренингнинг асосий мақсади биринчи навбатда амалиётга йўналтирилаётган Cambridge дастурларини ўқитиш методикаси билан ўқитувчиларни таништиришдир, — деди Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари бўлим бошлиғи Гавҳар Эшимова. — Тренинг йил давомида ўтказилиши кўзда тутилган. Гибрид шаклида, ҳам онлайн, ҳам офлайн. Биз педагог ва маъмурият ходимларини иш жараёнидан безовта қилмаган ҳолда доимий равишда методик томондан қўллаб-қувватлаб турамиз. Бу тренинглар, шунингдек, ўқувчиларнинг асосий дарс машғулотларида олган билимларини реал вазиятларда синаб кўришлари,  ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Мазкур тадбирлар нафақат ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, балки, янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлаш ва ҳаммани бир жамоа, бир оила бўлиб бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Тренинглар доирасида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар хорижий мутахассисларга маданиятимиз, тарихимиз, тилимиз, умуман, анъаналаримиз билан яқиндан танишиш имконини ҳам беради.