Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университетининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Россияда ишлаш истагидаги фуқароларни рус тилига ўқитиш ва зарурий касбларга тайёрлаш, сертификатга эга бўлиш имтиёзларини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Унга кўра, жорий йилнинг 27 октябридан Россия Халқлар дўстлиги университети ўқув дастури асосида 500 ўқитувчини ўқитиш бўйича 72 соатлик бепул семинар ўтказилиб, сертификатлар берилади. Мазкур ўқитувчилар вазирлик тасарруфидаги 25 ўқув марказида ташкил этилган рус тили синфларига ишга жалб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети ва “World Skills Russia” ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама Меморандум имзоланган эди. Унга кўра, фуқаролар 25 йўналиш бўйича касбга ўқитилиши кўзда тутилган.
Меморандумга асосан, Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеринбург, Қозон шаҳарларида рус тили ва касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, яқинда Новосибирск шаҳридаги ўқув марказини сантехника йўналиши бўйича тугатган 14 фуқарога “World Skills Russia” сертификати берилди. Бундан ташқари, келгусида Россиянинг ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўпроқ яшайдиган ҳудудларида ҳам рус тили ва касбга ўқитиш марказларини очиш режалаштирилган.