Хусусан, ходимлар ва бўлажак мутахассислардан жиноятларни аниқлашда замонавий усуллар, рақамли технологиялар ҳамда эксперт-криминалистика имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги хавфлар юзасидан зарурий кўникмалар ва тушунчаларга эга бўлиши талаб этилмоқда.

Шу муносабат билан, Наркотиклар ва ўқотар қуролларни устидан назорат қилиш агентлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ўқотар қуроллар ва унинг ўқ-дорилари ноқонуний муомаласига қарши курашиш: миллий ва халқаро тажриба, рақамли технологиялар ва замонавий хавф-хатарлар” мавзусида миллий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов, Агентлик директор ўринбосари Жобир Азимов, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий вакили ўринбосари Александр Федулов, ЕХҲТ Лойиҳалар координатори миссияси раҳбари элчи Антти Карттунен ҳамда бошқа нуфузли миллий ва халқаро экспертлар сўзга чиқиб, мазкур миллий семинар самарали мулоқот майдонига айланишини, ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда амалий натижаларга хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек, ўқувлар доирасида илғор миллий ва халқаро тажрибаларни ўртоқлашилиб, иштирокчилар ўртасида ўзаро фикр ва билим алмашинуви мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

Семинарда республикамизнинг барча ҳудудларидан 800 дан зиёд Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, ИИВ Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона институти, Криминология тадқиқот институти ходим ва талабалари тингловчи сифати иштирок этди.

Семинар доирасида тингловчилар чет эл ва маҳаллий мутахассислар томнидан ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича халқаро жараёнлар, миллий қонунчиликнинг амалдаги ҳолати ва уни такомиллаштириш масалалари, жиноятлар учун жавобгарлик ва уни қўллашдаги муаммолар, тергов тактикаси ва методологияси, тезкор-қидирув фаолиятида замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш, эксперт-криминалистика бўлинмаларининг ўрни ва аҳамияти, 3D-принтер орқали қурол тайёрлаш билан боғлиқ янги хавф-хатарлар, кибермаконда ноқонуний қурол айланмасига қарши курашиш, контрабандага қарши курашишда замонавий усуллар ҳамда бу соҳада халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ ва ЕХҲТнинг тажрибалари билан атрофлича таништирилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, соҳани янада такомиллаштириш бўйича хулосалар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мазкур семинар ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар ноқонуний муомаласига қарши самарали курашишда миллий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашиш ҳамда замонавий таҳдидларга қарши комплекс ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.