Ер юзининг сайқали деб ном олган азим Самарқанднинг шонли тарихини такрорлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Негаки уни бугун етти иқлим жуда яхши билади ва қадрлайди. Лекин бу тарихнинг биз учун фахрли бўлган жиҳатларини қайд этмоқ зарур. Хусусан, дунё имомларининг учта буюгидан икки нафари (Маҳдуми Аъзам ва Ғавсул Аъзам)нинг қадами теккан юрт. Уч диннинг пайғамбари Дониёр ҳазратларининг рамзий қабри шу ерда. Яна бир пайғамбар – Ҳазрати Довуд ҳам бу туфроққа қадам қўйган деган қарашлар мавжуд. Буюк Ипак йўлининг энг маърифатли, тафаррук чорраҳаси бу ер. Абу Ҳожа Тоҳирий таъкидлаганидек, “Агар илм ва иймон истасанг Маккага бор, бойлигу дунё истасанг Ҳиндистонга бор, агар иккаласини ҳам истасанг, Самарқандда қол”.
Фақат бугина эмас, бугун Самарқанд замини нафақат кўнгил, ниятлар покланиб, балки назарлар ҳам покланиб қадам қўядиган жой. Икки уйғониш даврида ҳам Самарқанд ва бу заминда камолга етган алломалар, жаҳонгир ва мутафаккирларнинг муносиб ўрни бор. Улар дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшдилар. Ҳазрат Алишер Навоийнинг айнан шу ошиёнга келиб, Абулайс Самарқандийдан таҳсил олишининг ўзиёқ бу маскан не чоғлик муборак эканлигини кўрсатиб турибди.
Биз учун муҳими шундаки, Самарқанд мустақиллик даврида, хусусан, кейинги беш йилда маданият, маърифат борасида дунёга яна ибрат бўлмоқда. Ҳаракатлар стратегияси, ва унга узвий равишда ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда эътиборга молик ютуқларга эришмоқда. Мамлакатимизнинг салоҳиятли карвони – аҳолиси ҳам, ишлаб чиқариш қуввати ҳам, имконияти ҳам, интеллектуал мулки ҳам юқори бўлган бу воҳада тараққиётнинг ибратли тажрибалари юзага келди.
ИННОВАЦИОН САНОАТ “ХАБ”И
2021 йил вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 8,4 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 9,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 25,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 4,1 фоизга ҳамда қурилиш-пудрат ишлари 14,3 фоизга ўсди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш сезиларли даражада ошди. Жумладан, тўқимчилик саноати маҳсулотлари 1,3 мартага, металлургия маҳсулотлари 2 мартага ва электротехника саноати маҳсулотлари 1,4 мартага кўпайган.
Маҳаллийлаштириш дастурига асосан 21 та корхонада қиймати 703 миллиард сўмлик 47 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди. Россиянинг Москва ва Калининград ҳамда Туркиянинг Истанбул, Измир ва Бурса шаҳарларида янги ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар ўтказилди.
“Ургут” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 286 миллион доллар бўлган 60 та лойиҳа ишга туширилиб, 4700 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, 2 триллион 20 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди, 57 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Кичик саноат зоналарида 92 та лойиҳа ишга туширилиб, 380 миллиард сўмлик инвестиция киритилди ва 1558 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу корхоналар томонидан 168 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланди.
Жорий йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналарида янги 180 та лойиҳа ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион 738 миллиард сўмга етади ва маҳсулотлар экспорти 135 миллион доллардан ошади. Ушбу режаларнинг ижроси билан 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,3 фоизга, саноат маҳсулотлари эса, 8,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Яқин беш йилда тўқимачилик саноатида умумий қиймати 750 миллион долларлик 182 та лойиҳа ишга туширилади, ип-калавани қайта ишлашни матогача етказиш даражаси 100 фоизга чиқарилади.
Қурилиш материаллари саноатида 1,4 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилади, электротехника соҳасида 200 миллион долларлик инвестиция ҳисобига алоҳида саноат кластери ишга туширилади. Натижада, вилоятда маиший техника ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга, экспорт 6 баробарга оширилади ҳамда 33,5 мингта иш ўрни яратилади. Президентимиз табири билан айтганда, келгуси 5 йилда қатор “мега-лойиҳалар”нинг ишга туширилиши ҳисобига натижасида Самарқанд “Инновацион саноат хаби”га айланади.
МАҲСУЛОТЛАРГА ДУНЁ ХАРИДОР
Бир пайтлар Испания элчиси Клавихо Самарқандга шунчалик гўзал таъриф берганки, бутун Европа Амир Темур давлати билан ҳамкорлик қилишга, ҳатто унинг паноҳи остида бўлишга интилган. Самарқанддаги қоғоз ўша давр мўъжизаси эди. Унинг қоракўли қадимда Ливерпуль савдо биржасининг энг катта павильонларидан бирини эгаллаган. Самарқандда ҳунармандлар ясаган 92 хил маҳсулот Буюк Ипак йўли бозорларига авж берган. Самарқанд суви учун етти иқлимдан ташна одамлар ҳаётини хавф-хатарга қўйиб ташриф буюрган. Самарқанд дони, нони, анжири, анору узумлари бутун дунё бозорларида қимматли, қадрли ҳисобланган. Ва муҳими, бугун ҳам ана шундай эътирофлар яна амалда ўз ифодасини топяпти.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ўтган йили вилоятда 402 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бунда, саноат маҳсулотлари экспорти 298 миллион долларни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 104 миллион долларни ташкил этди. Бу даврда, 6 та янги хорижий бозор, жумладан, Ямайка, Колумбия, Қатар, Македония, Бангладеш ва Ливан давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилиб, экспорт географияси 56 та давлатга етказилди.
ХИЗМАТЛАР СОҲАСИ — РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ДРАЙВЕРЛАРИДАН БИРИ
Инсон ҳар доим ўз олдига юксак марраларни қўяди ва ўша маррра томон ҳаракат қилади. Ана шундай жиҳатларни воҳанинг режалари аксида ҳам кўриш мумкин. 2022 йилда Самарқанд вилоятида экспорт ҳажмини ўтган йилги кўрсаткичга қараганда, 1,5 баробар ошириш белгиланган. Шу йилнинг ўзида қиймати 7,1 триллион сўмлик 772 та лойиҳани ишга тушириш натижасида 14,4 мингта янги иш ўрни яратилади.
Хизматлар соҳаси вилоят тараққиётини белгиловчи драйверлардан бири ҳисобланади. Ўтган йили бу йўналишда вилоят 10,2 мингдан ортиқ шохобча ташкил этилди. Кўрсатилган хизматлар ҳажми 19,5 триллион сўмга етиб, ўсиш 125,6 фоизга тенг бўлди. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, бу борада вилоятда улкан имкониятлар мавжуд. Жорий йилда эса хизматлар ҳажмини ҳам бир ярим баробарга ошириш ва 28 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун алоҳида дастур қабул қилинган. Бу мақсадларга эришишда қиймати 212 миллион долларлик, майдони қарийб 400 минг квадрат метр бўлган 7 та йирик савдо ва хизмат кўрсатиш комплекси ташкил этилади. Туристик йўналишлар, туризм қишлоқлари, туризм йўллари каби хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилади.
ХОРИЖ САРМОЯСИ — ИШОНЧ БЕЛГИСИ
2021 йилда вилоятда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остида бўлмаган хорижий кредит маблағлари иштирокидаги жами 178 та лойиҳа ҳисобига 235 миллион долларлик сармоялар ўзлаштирилди. Шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қиймати 118,5 миллион долларни ва хорижий кредитлар 116,5 миллион долларни ташкил этди. Шу рақамларнинг ўзи ҳам хорижий давлатлар, жамғармалар ва сармоядорларнинг ишоннчи қай даражада эканлигини кўрсатмоқда.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий инвестиция дастурига кўра, 2021 йилда қиймати 5,7 триллион сўмлик 1 878 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди ва 13,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Яхшилик йўлида сарфлангна ҳар қандай сармоя қисқа муддатда мева бериши бор гап. Вилоятда ўтган йилнинг ўзида 515 та корхона томонидан 596 турдаги 456,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Самарқандда экспорт салоҳиятини янада ошириш учун имкониятлар катта. Бу имкониятларни ишга солиш учун жорий йилда 576,4 миллион долларлик, шундан, 442,4 миллион долларлик саноат ҳамда 134 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинади.
АҲОЛИ УЧУН ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР
Ҳисоб-китобларга кўра, Самарқандда аҳолининг уй-жойга бўлган талаби 22,9 мингдан ортиқни ташкил этади. Ўтган йили вилоятда 8557 хонадондан иборат 167 та кўп қаватли уй қурилди. Ипотека дастури асосида барпо этилган 3744 хонадонли 104 та кўп қаватли уйнинг 2236 та хонадони субсидияли ҳисобланади. Чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 99 нафар бола уй-жой билан таъминланади. 2022 йилда 5 минг хонадонли 139 та кўп қаватли уй қурилади ва хонадонларнинг 4500 таси субсидия асосида берилади. Рақамларга қарайдиган бўсак, 3400 хонадон учун 153 миллиард сўм субсидия маблағи, яна қўшимча мингта хонадон учун 45 миллиард сўм ажратилади. Бунинг натижасида 20 мингдан ортиқ аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади.
Юрт тараққиёти ҳар бир фуқарога ғурур бағишлайди, янги ва замонавий массивларнинг қурилиши инсонлар ҳаётини фаровонлаштиради. Биринчи босқичда Ургут туманининг Камонгарон ва Булунғур туманининг Ғўбдин ҳудудларида “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиши ҳам ҳудудлар ободлигини белгилайди. Бу ишлар шу билан чекланиб қолмайди ва кейинги босқичларда Нарпай тумани Саловот, Пахтачи тумани Истиқлол маҳаллалари, Пайариқ тумани Челак шаҳрида ҳам замонавий “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилади.
ИМОМ БУХОРИЙ МАЖМУАСИ ЮРТ ГАВҲАРИГА АЙЛАНАДИ
Бугунги кунда Самарқандда туризмни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталишни тақозо этади. Негаки, нафақат Самарқанд шаҳридаги, балки вилоятнинг сайёҳлик объектлари саналган масканларда кенг бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда гап борар экан, аввало, Президентимиз шу йил 7 февраль куни пойтахтда бир нечта қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан таниша туриб, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасининг ички ва ташқи чизмалари тақдимотига алоҳида эътибор қаратганини эътироф этиш жоиз бўлади.
Айни кунларда Имом Бухорий мажмуаси янгидан қурилмоқда. Бу ишлар ўтган йили Рамазон ойида бошланганди. Бугунги кунда бинолар кўтарилиб, пардозлаш ишларига оз фурсат қолган. Тақдимотда мажмуанинг ички ва ташқи кўринишига оид чизмалар кўриб чиқилди.
Унга кўра, мажмуа деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқалланади. Имом Бухорий мақбарасида наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади. Барча пардозлаш ишларида ёрқин, “иссиқ” ранглардан кўпроқ фойдаланилади.
Умуман, мажмуа 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 4 ва 3 юлдузли 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат бўлади. Шунингдек, 3 минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатувчи “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.
“ТУРИЗМ ДАРВОЗАСИ”
Туризмни ривожлантириш ҳақида гап кетар экан, юртнинг ҳаво дарвозаси саналган аэропортлар ҳолатини жаҳон андазалари талаби даражасига келтирмасдан туриб кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Шу жиҳатдан олганда, Самарқанд халқаро аэропорти ҳам замонавий кўринишга эга бўлди. 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳасига кўра, эндиликда Самарқанд “ҳаво дарвозаси”да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади.
2022 йилнинг мартига қадар Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тагача оширилади. Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади. “Очиқ осмон” режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларини йўлга қўйилади.
Шунингдек, четдан туристлар оқимини кескин кўпайтириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортининг маҳаллий темир йўл ва автобус қатновларига боғланган, илк бор хусусий бошқарувга берилган янги терминали ишга туширилади. Умуман олганда, Самарқанд халқаро аэропорти том маънода “Туризм дарвозаси”га айланади.
РАВОН ЙЎЛЛАР САМАРҚАНДНИ “АБАДИЙ ШАҲАР” БИЛАН БОҒЛАЙДИ
Самарқанд шаҳри ва туманини бир-бири билан боғлайдиган Уста Умар Жўрақулов кўчаси таъмирдан чиқарилди. Яқинларгача кўчанинг тор ва ўйдим-чуқурлиги нафақат машиналар, балки пиёдаларнинг юришига ҳам ноқулайлик туғдириб келарди. Бугун эса кўчадан автоуловда юрган одам унинг кенг ва равонлигидан шодланади, пиёда кезган киши эса завқланади.
Гап шундаки, кўча замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган лойиҳага кўра қайта қурилди. Кўчанинг Самарқанд тумани ҳудудидаги қисми кенглиги 42 метрга етказилди. Асосий автомобиль йўлидан ташқари, маҳаллий йўл, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди. Кўчанинг Шоҳи Зинда ва Садриддин Айний кўчалари кесишмасигача бўлган қисми 24 метр энлиликка етказилди. Кўча бўйлаб тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, манзарали дарахтлар ва яшил майдонлар яратилди. Автобус бекатлари, ошхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди.
Эътиборлиси, кўчанинг икки томонига темир-бетон ва монолит лотоклар ўрнатилди. Катта Ўзбек трактининг М-39 автомобиль йўлига чиқишда барпо этилган монолит кўприк эса алоҳида эътиборга молик. Юртимизда ягона саналган бу муҳташам кўприк кўҳна Самарқандни янги “Абадий шаҳар” карвонсаройи, яна ҳам аниқроғи, Самарқанд туризм маркази билан боғлайди.
212 гектар майдонни эгаллаган мажмуада беш ва тўрт юлдузли 8 та меҳмонхона, йирик анжуманларни ўтказишга мўлжалланган конгресс холл, дам олиш масканлари, “Абадий шаҳар” карвонсаройи бунёд этилмоқда. Бу маскан халқимизнинг ўзига хос бой миллий-маданий мероси ва қадриятларини намоён этадиган маскан бўлади. Қадимий Кўҳак тепалигидан кўриниб турадиган янги шаҳарча келгусида мўъжизалар шаҳарчаси, ўтмиш ва бугуннинг тимсоли бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Бунда Самарқанднинг Буюк Ипак йўли чорраҳаси бўлгани, азалдан илм-фан ва маданият, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожланганига эътибор қаратилди. Ўз навбатида Самарқанднинг дунё цивилизациясидаги ўрни ҳисобга олиниб, бетакрор лойиҳа ишлаб чиқилди.
“Абадий шаҳар” карвонсаройида Самарқанддаги тарихий обидалар, улкан минораю гумбазлар, кулоллар, зардўзлар, чиннипазлар, мусаввирлар устахоналари, унинг қоғози ишлаб чиқарадиган қадимий устахона, нон ва бошқа миллий таомлар тайёрланадиган масканлар, қадимий гавжум бозор — барча-барчаси намоён бўлмоқда. Шунингдек, карвонсаройдан Хоразмнинг дунёда тенги йўқ гиламлари, Нуротаю Ургутнинг сўзаначилик маҳорати — қадимий кашталари, Қўқону Марғилоннинг ёғоч ўймакорлиги санъати намуналари ўрин олади.
Аслида карвонсарой лойиҳада кўрсатилганидан-да бой манзара касб этмоқда. Бу ерда қадим Шарқ наққошлик санъати ўн битта йўналишда, жумладан, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, мармар наққошлиги, тоштарошлик санъатининг ноёб намуналари яратилмоқда. Кейинги йилларда йўқолиб кетаётган майолика, мазолика тикланиб, янгича кошинкорлик санъати яратилмоқда.
Қадим шаҳар ҳаёти ва маданиятига монанд от-аравалар, усталар хонадонлари, кулоллар, зардўзлар ишхоналари, темирчилик ва устачилик асбоблари, устазодалар ҳайкаллари ўрин эгаллайди
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ МАЪРИФАТЛИ, МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР БИЛАН ҚУРАМИЗ
Таълим сифатини янада яхшилаш бўйича изчил ислоҳотларни амалга ошириш самарқандликларнинг бош мақсади саналади. Ана шу эзгу мақсад йўлида ўтган йил вилоятда 235 мингга яқин 3-7 ёшгача бўлган болалар мактабгача таълим ташкилотларига жалб этилиб, қамров даражаси 69 фоизга етди.
Халқ таълими тизими соҳаси фидойилари ва кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракати билан “қизил”тоифадаги мактаблар сони аввалги йилга нисбатан 91 тага камайиб, олий таълимга кириш кўрсаткичи икки баробар ошди. Мактабларда фаолият олиб бораётган олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши 16 фоизга кўпайиб, халқаро сертификатга эгалари 306 нафарга етди.
902 та мактабда 446 миллиард сўм маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тарқоқ, олис ҳудудлардаги 63 та мактабнинг янги филиаллари қурилди. Бундай эътибор яқин 30 йил ичида кузатилмаган.
Шунингдек, 44 та янги ихтисослашган мактаблар ташкил этилиб, улар 87 турдаги ўқув моддий-техник жиҳозлар билан таъминланди.
Бугун олий таълимга ҳам жиддий эътибор қаратилиб, юртимизда бўлаётгани каби, Самарқандда ҳам хорижий давлатларнинг нуфузли таълим муассасалари филиаллари очилмоқда. Жумладан, Финляндия ва АҚШнинг нуфузли университетлари билан педагогика муҳандислик-технология йўналишларида ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятдаги олий таълим муассасалари сони 13 тага етди. Нарпай ва Пайариқ туманларида Самарқанд давлат чет тиллар институти факультетлари ташкил этилди.
Ҳозирда вилоятдаги олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида 63 минг 338 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу ўтган беш йилликка нисбатан 2,5 баробарга кўп, деганидир. Талабалар сонининг ошгани ўз навбатида, турар жой билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирди. Турар жойга бўлган ушбу эҳтиёж ҳисобга олиниб, Самарқанд шаҳрининг Бирлик маҳалласи ҳамда Рудакий кўчасида жорий йил давлат- хусусий шериклик асосидаги талабалар турар жойларини барпо этиш режалаштирилган.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, Самарқанд археология институти фаолияти ва унинг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, 20 минг нафар талабага мўлжалланган “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этиб, унда камида 4 та хорижий университетнинг филиали ва кампусларини жойлаштириш, хорижий давлатларнинг етакчи техника университети билан биргаликда Самарқанд технология университетини ташкил этиш ишлари амалга оширилади.
Вилоят олий таълим муассасаларининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли режаси бугун изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг шу йил 13 январь куни имзоланган “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги наватдаги муҳим қадам бўлди. Мазкур қарор билан университетга атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилди. Ўқув даргоҳи таркибида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти ҳамда СамДУнинг Ургут филиали ташкил этилди.
Айни пайтда эса давлат раҳбари таклифи билан Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақомини бериш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, яқин йилларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институтини жаҳон олий таълим муассасалари Топ-1000 талик (THE, QS) рейтингига киритиш мақсад қилинган.
Халқимизда “Оққан дарё оқаверади” деган ҳикматли гап бор. Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотларнинг Самарқанддаги жараёнлари билан танишган киши бу дарё яна ҳам жўшиб оқаётганига амин бўлади.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.