Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳамда "Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Асосий мақсад ўқувчи ёшларнинг таътил давридаги вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни мамлакатимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган ёшларни тарбиялашдир.

Таъкидлаш керакки, таътил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан ўқувчи ёшлар ўз ҳудудларидаги, Тошкент шаҳрининг 400 нафар ўқувчи ёшлари эса Самарқанд вилоятидаги зиёратгоҳ ва қадамжолар, тарихий ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилишмоқда.

Хусусан, бугун Сурхондарёда ўқувчилар вилоят тарихи ва маданияти музейи, Термиз археология музейи, Термиз ҳайвонот боғи, "Ал-Ҳаким ат-Термизий" ва "Султон Саодат" мажмуалари каби диққатга сазовор ҳамда экотуризм ҳудудларига саёҳат қилишмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида эса ўқувчилар Савитский номидаги Қорақалпоқ санъат музейи билан яқиндан танишишди. Бухорода 500 нафарга яқин ўқувчилар қадимий Арк қўрғони ва бошқа объектлар, шунингдек, эски шаҳарнинг эртакнамо кўчалари бўйлаб саёҳат қилишди. Тошкент шаҳар ёшлари эса таътилни мазмунли ўтказиш учун Самарқандга йўл олишди.