Болалигида космонавт бўлишни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Аммо кўпинча бу орзу орзулигича қолиб кетади. Ҳар йили 12 апрель —Халқаро космонавтлар кунида Солижон Шарипов, Владимир Жонибеков каби фазогир юртдошларимиз борлиги эсга тушади. Бироқ бу рўйхатни давом эттиролмаймиз. Улардан кейин-чи, деган саволга жавоб йўқ.
Хўш, ҳозир ҳам ҳеч бўлмаса, фазогир бўлишни орзу қиладиган, ракетасозликка қизиқадиган жўшқин юрак эгалари борми? Коинотга тикилган нигоҳлардаги ҳайрат сўнмаганми? Шу саволларга жавоб излаш асносида пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Баркамол авлод” мактабида ракета моделсозлиги тўгараги борлигини аниқладим. Яна билганим шу бўлдики, у ерда Валерий Васельевич исмли мураббий болаларга ракета моделини тайёрлашни ўргатяпти. Тўгарак фаолияти билан батафсил танишиш мақсадида Сергелига йўл олдим.
Манзилга етиб боргунча ичимдаги ҳаяжон аранг идора қилдим. Кўз олдимда ҳашаматли бинода забардаст мураббий раҳбарлигида замонавий ракеталарнинг кичик моделини ясаётган қоракўзлар гавдаланаверди. У ердаги қулайликдан ўзимни йўқотмаслик, мақсадимдан чалғимаслик учун мураббийга берадиган саволлларимни бир сидра такрорлаб олдим.
Айтилган манзилга етиб бордим. Атрофга аланглаб, хаёлимдаги муҳташам бинони кўрмагач, ўша ердаги ўткинчилардан “Баркамол авлод” мактаби қаерда жойлашганини сўрадим. “Ана”, деб кўримсиз, кўринишидан уч хонадан иборат, томи пастак иморатни кўрсатишди. Адашдимми-йўқми деган минг истиҳола билан бинога кирдим. Ўзини мактаб қоровули деб таништирган чамаси 45-50 ёшлардаги бир ракета моделсозлик тўгараги хонасига бошлаб бордим.
Мана мен излаган тўгарак хонаси. Таъмирталаб. Охирги марта деворига қачон бўёқ текканини билиш амримаҳол. Ўша кезда автобус келаётиб юрагимни чулғаган ҳаяжон ўрнини қандайдир мунгли ҳис бир эгаллади. Ташқарида янгиланиш ҳақида сўз кетяпти. Ичкарида эса... мен кутмаган бошқача ҳолат. Қаршимда мен излаб келган мураббий Валерий Васильевич. Ёши 70 дан ошганига қарамай, болаларга билганларини эринмай тушунтираётган инсоннинг касбига садоқатидан кўнгилда илиқлик уйғонади.
У саволларимга ҳам вазминлик билан эринмай жавоб беради. Мураббийнинг айтишича, тўгарак 2003 йилдан буён фаолият юритяпти. Ҳар йили кўплаб ўқувчилар ракета моделсозлигини ўрганиш учун келади. Ҳозир ҳам тўгаракнинг 60 дан ортиқ ўқувчиси бор. 20 нафари мунтазам қатнайди. Болалар мураббий раҳбарлигида ракетанинг С1 дан С12 гача бўлган ҳамма моделини ясаган.
— Модел ясашни баъзи ўқувчилар 1 ойда тўлиқ ўрганади, айримларининг ўзлаштиришга эса бир йил кетади. Шундай бўлса-да, болаларнинг қизиқиши менга ҳар доим куч беради, — дейди суҳбатдошим.
Анчадан бери мени ўйлантириб келаётган асосий саволимни бераман:
— Ҳозир шу соҳада фаолиятини давом эттираётган ўқувчиларингиз борми?
Мураббийнинг нигоҳига маъюслик чўкади. Оғир сўлиш олади.
— Йўқ, бу — ҳаёт. Яшаш учун, айниқса, яхши яшаш учун кўп пул керак. Шунинг учун бу йўналишда ишлаётган шогирдларим йўқ, — дейди.
Валерий аканинг айтишича, ракета моделини тайёрлашга керакли баъзи жиҳозларни, хусусан, моделнинг учиши учун зарур бўлган двигателни мамлакатимизда топиш қийин. Шу боис ракета моделсозлиги бўйича ўтказиладиган халқаро беллашувларга борганида мураббий ўз ҳисобидан 100-200 та олиб келади. Кейин ҳар бири 3 доллар турадиган двигателларни ўқувчиларига беради. “Бундай эҳтиёт қисмларни Чехославакия, Болгария, Германия, Беларусь ва Россиядан топиш мумкин. Улардаги хусусий корхоналар двигатель ишлаб чиқаради. Аммо махсус заводи йўқ”, — дейди мураббий. Дарвоқе, Чирчиқда двигатель заводи қурилаётганини Валерий ака қувониб айтди. Эҳтимол, завод очилса, унинг ташвиши анча камаяди.
Мураббийнинг шунча хизмати бесамар кетаётгани йўқ. Кўплаб ўқувчилари халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритган. Жумладан, Карина Кассирова ҳамда Абдумалик Озодбеков ўтган йили Қозоғистонда ўтказилган танловда фахрли ўринларни эгаллаган. Бундан ташқари, Баҳром Зоиров, Данил Зинкин ҳам ғолиблар қаторидан жой олган.
— Ҳар йили 8 та мусобақа ташкил этамиз, — дейди мураббий. — Сергели туманидаги 6-, 2- ва 7-мактабларда ракета моделсозлиги бўйича очиқ чемпионатлар бўлиб ўтади. Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти билан ҳамкорликда ҳам мусобақалар уюштирамиз. Бу йилги халқаро беллашув Москвада ўтказилади. Ўқувчиларим ҳар доим “Қачон мусобақа бўлади?” деб қизиқиб сўрайди.
Ракета модели 6-10 граммни ташкил этади. У қанча енгил бўлса, шунча баландликка кўтарилади. Тайёрлаб бўлингандан сўнг улар хавфсиз аэродромларда синовдан ўтказилади. Бир модел камида уч марта учиши керак. Парашютли, ротошютли ва лентали ракеталарни ўқувчилар ўзи тайёрлаб, учиришини кўриш мураббийга қувонч бағишлайди.
Тўгаракдаги қизғин жараённи кузатиш асносида у ердаги болаларнинг хатти-ҳаракати, нигоҳидаги ҳайрат ва катта қизиқиш кишини завқлантиради. Бино ҳашаматли бўлмаса-да, у ерда ҳақиқий билим берувчи муҳит борлигини бир неча соатдан кейин тушуниб етдим. Кўришимдан аввал ракета моделини бошқача тасаввур қилгандим. Мактабни ҳам, ҳатто Валерий Васильевични ҳам.
Чунки ракета моделлари асосан қоғоз ёки енгил пластиклардан тайёрланаркан. Валерий ака ҳам қирчиллама ёшдаги инсон деб тасаввур қилгандим. Бироқ ундаги шавқ фақат касбини севадиган, фидойи одамларда бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Унинг ёшидаги одам пенсия ҳисобига ҳам мириқиб яшаши мумкин. Лекин мураббий бундай қилмаяпти. Чўнтагидан пул сарфлаб, ракета моделига керакли жиҳозлар сотиб оляпти. Бундай одам ҳақида ойлик маош учун ишлаяпти, деб бўлмайди, назаримда.
Гапимиз аввалида исмлари айтилган космонавтларимиз борлиги билан фахрланамиз. Бироқ шу билан чекланиш бизни тараққиётга элтмайди. Мамлакатимиз ривожланиши учун бугун ва келажакда бизга янги фазогирлар керак. Ракетасозлик ривожланса, ўзбек фарзандларининг одими ҳам коинотга етади. албатта. Чунки Ўзбекистон фарзандлари ҳам ҳам кун келиб, ўзи ясаган ракетада коинотга чиқишига ишонамиз.
Динара СУЛТОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси