Тарихан қисқа давр ичида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу борада таълим, соғлиқни сақлаш тизимида, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини арзон уй-жой ва тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган инвестицияларни алоҳида таъкидлаш лозим.

Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, спорт, соғлиқни сақлаш, маданият ҳамда кўп қаватли уй-жойлар ва ичимлик сув таъминоти объектларининг қурилиши, реконструкция ишлари олиб борилди. Эътиборли жиҳати шундаки, ривожланишнинг дастлабки босқичлари ўз ижобий самарасини кўрсатмоқда. Бугунги вазиятда ҳар бир қорақалпоғистонликнинг қалбида бўлаётган ўзгаришлардан мамнунлик ҳисси жўш урмоқда.

Охирги уч йил ичида Оролнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича дунёда муқобили бўлмаган ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида қарийб, 2 миллион гектар майдонда ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилиб, саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар уруғлари сепилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонлаштириш борасида амлга оширилаётган улкан бунёдкорлик минтақа экотизимини барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу чора-тадбирлар табиий ресурсларнинг деградациясининг, шунингдек, денгизнинг қуриган тубидан қум ва чанг кўтарилишининг олдини олишни таъминлайди. Бундан ташқари, ҳайвонот олами турли вакилларининг кўпайиши ва тарқалиши учун қулай экотизим шаклланади, чўл ўрмонлари майдони ва биохилма-хилликнинг кенгайиши минтақада иқлим ўзгаришини юмшатишга шароит яратади.

Президентимизнинг “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарорга мувофиқ, ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари” белгиланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, тўқимачилик, нефт-кимё саноати, боғдорчилик, иссиқхоналар ташкил қилиш, ипакчилик, туризм соҳаси шулар жумласидан. Белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва лойиҳаларни амалга оширишга қулай шарт-шароитлар яратиш учун қарор билан тадбиркорлик субъектларига ер солиғи, мол-мулк солиғидан озод қилиш каби ва бошқа қатор имтиёз ҳамда енгилликлар тақдим этилиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ушбу қарор асосида 2788 та лойиҳа ва объектларда 21 триллион 209 миллиард сўмлик кенг кўламли ишлар бажарилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда унинг ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Натижада ҳозирда дастурга киритилган жами 754 та лойиҳа ишга туширилиб, 4 минг 735 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Минтақадаги янгиланишлар ҳақида гап кетганда, Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз.

Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурслари ва электр энергиясидан фойдаланишнинг автоматлашган назоратини йўлга қўйиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий қилиш орқали сув йўқотишларини камайтириб каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда суғориладиган ер майдонларини сув билан ишончли таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Сенат томонидан Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Бу йўналишда доимий асосда фаолият юритувчи идоралараро ишчи гуруҳ шакллантирилди. Мазкур ишчи гуруҳ Президентимизнинг қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини назорат қилишга алоида эътибор қаратмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилиш,, маданий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш, маҳаллий аҳолининг тарихи, маданияти, урф-одатларига бағишланган туркум лойиҳалар тайёрлаш бўйича иш олиб бориляпти. Шунингдек, аҳолига маданий-маърифий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ҳудуднинг тарихий, маданий мерос объектлари тўғрисидаги илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, ҳудудлар кесимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳолини хабардор қилиб бориш масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган дастурлар, лойиҳалар ижроси устида бугунги кунда парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилган. Бу борада юқори палата томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари салоҳиятидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Депутатларнинг ҳар бирига амалга ошириладиган лойиҳалар маҳаллалар кесимида бўлиб берилиб, уларнинг ижро ҳолатини ҳар ой якуни бўйича йиғилишларда муҳокама қилиш белгилаб олинган.

Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси, аввало, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, халқимизнинг давлат сиёсатидан рози бўлиб ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишига замин яратади. Шу боис, бу хайрли ишларни тизимли давом эттириш, амалга ошириладиган ҳар бир лойиҳанинг натижасини аҳоли ўз ҳаётида яққол ҳис этиши учун доимий ўрганиш ва мониторинг ишларини юритиш парламентнинг доимий эътиборида бўлади.

Борий АЛИХОНОВ,

Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини

ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси