2021 йилда Тошкент давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги академик лицейни аъло баҳолар билан тугатдим. Шунингдек, чет тилни билиш даражаси бўйича 7,5 балл тўплаб, IELTS халқаро сертификатини қўлга киритдим. Тошкент шаҳридаги Вебстер университети мени ўзига жалб этарди. Чунки у АҚШнинг Марказий Осиёдаги биринчи филиали эди. Университетнинг дунёдаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги, ўқув дастурининг илғор тажриба асосида тузилгани, ўқув жараёни бевосита амалиёт билан боғлиқлиги, хориждаги нуфузли ОТМлар ўқитувчи- профессорлари дарс беришидан хабардор эдим. Ниятим рўёбга чиқди — Вебстер университетига қабул қилиндим.
Одатда хорижий университетлар талабаларни деярли 100 фоиз тўлов-контракт асосида ўқитади. Шунинг учун юртимизнинг етакчи университетларига ҳужжат топшириб, билимимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Буни қарангки, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим.
Ўша йил июнда “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилгани ва ҳужжатлар қабул қилинаётгани ҳақидаги эълонга кўзим тушди. Нуфузли чет эл олий ўқув юртларининг таълим дастури асосида юксак касбий билим ва малакага эга истиқболли кадрлар тайёрланиши, талабаларнинг интеллектуал салоҳияти ривожлантирилиши, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳит шакллантирилгани каби маълумотлар билан танишганимдан сўнг ҳеч иккиланмай янги ОТМга ҳужжат топширдим ва грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу университетда мамлакатимизнинг кучли билимга эга, кенг дунёқарашли, юксак мақсадли, халқаро фан олимпиадалари ғолиби бўлган тенгдошларим билан танишдим, дўстлар орттирдим. ОТМдаги ҳар бир кунимиз янги билимларни эгаллаш бўйича кучли баҳс-мунозаралар билан ўтарди.
Инсон шаклланишида атроф-муҳитнинг ўрни катта. Энди мени дунёнинг нуфузли университетларида ўқиш қизиқтирар, уларда берилаётган билимларни эгаллаш, дунёнинг энг билимли йигит-қизлари билан беллашиш, соҳанинг кучли мутахассиси бўлиш учун ривожланган давлатлар ютуқларини ўрганишни истардим. Шу мақсадда АҚШнинг йигирмадан ортиқ нуфузли университетига дастурий таъминот муҳандислиги бўйича ҳужжат топширдим. Бу ОТМлар талабаликка қабул қилган бўлса-да, тўлов-контракт қиймати юқорилиги ўқишни давом эттиришим учун энг катта тўсиқ эди.
Шундай паллада “Эл-юрт умиди” жамғармаси орзуларимни мақсадга, мақсадларимни эса имкониятга айлантирди. Жамғарма стипендиатларга ўқиш, яшаш, овқатланиш, транспорт, зарур ўқув-илмий адабиётлар, тиббий суғурта тўлови сингари харажатларни тўлиқ қоплаб беради. Бунинг учун жамғармага халқаро миқёсда эътироф этилган, академик рейтингнинг энг илғор 300 олий таълим муассасаси рўйхатидан жой олган Олбанидаги Нью-Йорк давлат университети (State University of New York at Albany)га ўқишга қабул қилинганим ҳақидаги таклифнома ва талаб этилган бошқа ҳужжатларни тақдим этдим. Очиқ саралаш танловидан муваффақиятли ўтиб, ғолибликни қўлга киритдим. Давлатимизнинг профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини тайёрлаш йўлидаги қўллаб-қувватлови АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларидан бирида ўқиш бахтига муяссар этди.
Бугун мазкур университетнинг 2-босқичини тугатиш арафасидаман. Университетда шароит жуда яхши. Дарслар кредит-модуль тизимида ташкил қилинган бўлиб, мутахассислик бўйича эгалланиши зарур фанлар таклиф этилади. Талабалар фанларни эркин танлайди. 1-курсда дарслар анча осон эди, аммо семестрдан семестрга ўтган сари дарслар ҳам, талаблар ҳам кучайиб боради. Ҳар куни камида 2-3 соат дарс қилмаган талаба ўқишдан орқада қолиб кетиши аниқ. Уйга вазифа ва имтиҳонлар санаси олдиндан маълум қилинади. Муайян санадан кейин топширилган уйга вазифалар қабул қилинмайди. Шунинг учун вазифаларни олдиндан бажариб қўйишга ҳаракат қиламиз. Ўқитувчи-профессорлар дарсдан кейин ҳам талабаларга ёрдам беради. Бунинг учун қўшимча иш вақти бўлади. Талабаларда дарс бўйича саволлар бўлса, иш вақтига қараб профессорлардан ёрдам олиши мумкин. Қайси дарслар қайси вақтда ўтилишини талаба ҳал қилади. Хоҳлаган вақти дарсни бошқасига алмаштириш ёки ундан умуман, воз кечса бўлади. Йўналишни ҳам ихтиёрига кўра ўзгартириши мумкин. Ҳар бир талабага битта академик маслаҳатчи этиб белгиланган. Талаба исталган вақтда ўқиш бўйича академик маслаҳатчисидан ёрдам олади. 3-4-курсларда дарсдан ташқари талабаларнинг ўз йўналиши бўйича компанияларда амалиёт ўташ имкони ҳам мавжуд.
Давлатимиз яратган имкониятларга жавобан чуқур билим олиш, ўз устимда мунтазам ишлаб, юқори натижаларга эришиш орқали Ватанимизга хизмат қилишга интиляпман. Бу йўлда баъзи ютуқларга ҳам эришяпман. Жумладан, ўтган ўқув йилини аъло баҳолар билан тамомладим ва ОТМнинг фахрли талабалари қаторидан жой олдим. Менга ажратилган вақт ва имкониятнинг қадрини чуқур англаган ҳолда қўшимча тарзда ахборот технологиялари бўйича Гарвард университети онлайн курсларида ўқимоқдаман.
Давлатимизнинг ишончи ва ёрдами менга куч, рағбат беради. Буни мусофирликда юрганимда янада аниқ-тиниқ ҳис қиламан. Мақсадим ахборот технологиялари соҳаси бўйича етук, жаҳон талаблари даражасидаги мутахассис, салоҳиятли кадр бўлиб етишиш, юксак билимли тенгдошларим билан бирга Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга ҳисса қўшиш. Ҳозир янги Ўзбекистон тараққиёти учун чет элда ўқиган ва хориж тажрибасини эгаллаган кадрлар зарур экан, биз, албатта, давлатимиз ишончини оқлаймиз.
Бекзод ИСКАНДАРОВ,
“Эл-юрт умиди”
жамғармаси стипендиати