Лойиҳага кўра, қуйидагилар ўсимликлар карантини соҳасини янада ривожлантиришнинг қўшимча вазифалари этиб белгиланади:

  • маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини жаҳон бозорларига кириб боришида ҳамда уларнинг экспорт қилиш ҳажмларини оширишга йўналтирилган самарали фитосанитария сертификатлаштириш тизимини кучайтириш;
  • ўсимликлар карантини тизимини Конвенция талаблари ва хорижий тажриба асосида такомиллаштириш;
  • ўсимликлар карантини соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;
  • соҳада таълим ва илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш;
  • ўсимликлар карантини тизими инфратузилмасини яхшилаш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш;
  • давлат-хусусий шерикчилигини янада ривожлантириш асосида мева-сабзавот экспорти учун қулай шарт-шароитларни яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Конвенция қоидаларидан келиб чиқадиган Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мажбуриятларни самарали амалга оширишда масъул ваколатли орган этиб белгиланади.

Ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотларини карантиндаги зарарли организмлардан ҳимоя қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ва изланишлар кўламини кенгайтириш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва унинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш ва қарши-кураш дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ўсимликлар карантини объектлари устидан мониторинг ва улар тарқалишини прогноз қилиш бўйича илмий ишлар олиб бориш;
  • республика ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларни фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва уларнинг кириб келишини олдини олишга қаратилган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш;
  • зарарли организмларни аниқлаш ва уларнинг диагностикасини экспресс-усулларини ишлаб чиқиш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини зарарсизлантиришнинг янги инновацион усулларини ишлаб чиқиш ҳамда зарарли организмларга таъсир этиш механизмлари ва самарасини илмий асосда ўрганиш.