Материалда коронавирус билан боғлиқ бугунги вазиятда туризм соҳасида кузатилаётган инқироз ҳақида сўз боради.

«Ўзбекистон ҳукумати ва соҳа мутасаддилари туризмни қайта тиклаш ҳамда сайёҳларни жалб қилиш мақсадида қатор лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида келадиган туристлар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш чоралари бўйича алоҳида ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатга келган сайёҳ коронавирус юқтириб олган тақдирда унга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўланади», дейилади мақолада.

Нашрда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бўйича элчиси Софи Иббутсоннинг фикрлари келтирилган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати яқинда қабул қилинган хавфсизлик чораларига ишонади ва ушбу тизим сайёҳларни коронавирусдан ҳимоя қилиш учун туризм соҳасида қўлланилади.

Мақолада давлат сайёҳлар учун зарур шароит яратаётгани ҳақида сўз юритилган. Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар хавфсизлик ва гигиена бўйича қабул қилинган ички тартиб-қоидаларга амал қилишлари зарурлиги таъкидланган.

Туристик компания ва меҳмонхоналар соғлиқни сақлаш ва эпидемиологик хавфсизликнинг янги стандартлари бўйича сертификатни олишлари талаб этилиши ҳақида хабар берилган.

«Осиё ал-явм» сайтидаги мақолада, шунингдек, мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият ҳақида ҳам атрофлича маълумот тақдим этилган, деб хабар беради «Дунё» АА.